Австралия Магнитский иши бўйича 39 кишига санкция қўллади

Олам

image

Австралия коррупция билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинган айрим Россия фуқароларига, шунингдек, Австралия расмийларига кўра, адвокат Сергей Магнитскийнинг "ўлимига алоқадор" бўлганларга нисбатан биринчи мустақил санкцияларни киритди. Бу ҳақда бугун, 29 март куни Австралия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Марис Пейн тегишли баёнот билан чиқди. 

Ташқи сиёсат идораси веб-сайтида эълон қилинган ҳужжатда вазир Сергей Магнитский фош этган коррупция жиноятлари учун масъул бўлган Россия фуқароларига, шунингдек, унинг ўлимига алоқадор бўлган шахсларга нисбатан биринчи санкциялар пакети киритилишини эълон қилди.

“Ҳукумат Магнитскийни ва қонун устуворлигини ҳимоя қилганларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатади. Коррупцияда айбланган 14 нафар Россия фуқаросига ҳамда унга нисбатан [Магнитский] шафқатсиз муомала қилган ва ўлимига алоқадор бўлган яна 25 кишига мақсадли санкциялар ва тақиқлар қўллаймиз”, дейди вазир Пейн. 

ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Австралия санкциялари рўйхатига киритилган Россия фуқаролари бир қатор иқтисодий чекловларга дуч келадилар, жумладан, активлари ва ҳисоб рақамлари музлатилади, шунингдек, Австралияга кириши тақиқланади. 

“Бу чора Австралия аллақачон бошқа мамлакатлар томонидан санкцияларга дучор бўлганлар учун хавфсиз бошпана бўлиб қолмаслигини таъминлайди”, дея қўшимча қилган вазир. 

“Сергей Магнитский номидаги қонун устуворлиги ва жавобгарлик тўғрисида”ги қонун 2012 йил АҚШда қабул қилинган. Унда Вашингтон нуқтаи назаридан ўз ватанида инсон ҳуқуқларини бузганликда айбдор бўлган Россия расмийларига нисбатан санкциялар қўлланилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, Сергей Магнитский 1972 йилда Одессада туғилган ва Москвада аудитор бўлиб ишлаган. 

У Россия расмийлари ва хавфсизлик кучлари томонидан уюштирилган солиқларни ноқонуний қайтариш йўли билан бюджет маблағларини катта ҳажмдаги ўғирлаш схемалари мавжудлигини эълон қилди. Шундан сўнг, у солиқ тўлашдан бўйин товлашда шерикликда айбланиб, 2008 йилда ҳибсга олинган, бир вақтнинг ўзида, илгари у томонидан коррупцияда айбланган шахслар Магнитскийга қарши терговда қатнашган. Ҳибсда бўлганида у “Матросская Тишина” ҳибсхонасида қонуний равишда судсиз ушлаб турилиши мумкин бўлган бир йиллик муддат тугашига етти кун қолганида вафот этган. 

Магнитскийнинг ўлими кенг халқаро норозиликка сабаб бўлди ва 2012 йилда Қўшма Штатларда, кейинроқ Канадада инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини бузганлик учун айбдорларга нисбатан шахсий санкцияларни жорий этган "Магнитский қонуни"нинг қабул қилинишига сабаб бўлди. Дастлаб, қонун, АҚШ расмийларига кўра, Магнитскийнинг ўлимига алоқадор бўлган шахсларга қарши қаратилган эди. 2019 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия расмийларининг ҳаракатларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг бир қатор моддалари бузилганлигини аниқлади. 2020 йил 6 июлда Буюк Британия томонидан Магнитский ўлимига алоқадор шахсларга нисбатан шахсий санкциялар жорий этилди. 

Россия расмийлари Ғарб давлатлари кўраётган чораларни қоралаб, Магнитскийнинг айбловларини инкор этиб, унинг ўзини коррупцияга алоқадор деб билади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Магнитский

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар