Аукционда ер олганлар учун ҳокимлар чиқарган қарорнинг қадри қолмайди

Жамият 15297
image
-

Эндиликда очиқ электрон танлов орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ҳуқуқини қўлга киритган шахсларга ўша ҳудуд ҳокимининг тасдиғи талаб этилмайди. Бу ҳақда бугун, 28 май куни Олий Мажлис Сенатининг 26-ялпи мажлисида маъқулланган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради. 

Маълумки, ерлар электрон онлайн-аукцион орқали фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Эндиликда, мазкур Қонун билан Ер кодексига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ очиқ электрон танлов орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ҳуқуқини қўлга киритган шахсларга ўша ҳудуд ҳокимининг тасдиғи талаб этилмайди.

Шунингдек, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланганларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда чора кўриш масъулияти Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига юклатилмоқда.

“Ўз навбатида, ушбу ҳаракатлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Хусусан, Ер кодексига киритилаётган қўшимча нормага асосан Кадастр агентлиги органлари ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган тақдирда, ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритади”, дейилади Сенат Ахборот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, Қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим аҳоли қатламлари учун бир қатор кафолатлар ҳам белгиланмоқда. Хусусан,  ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оиласи электрон онлайн-аукционлардан ер участкаларини сотиб олиши билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Мазкур Қонун билан амалдаги 20 дан зиёд қонун, жумладан 4 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Амалиётда учраётган турли тушунмовчиликларга барҳам бериш ва жамият ҳаётида қонунга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 437
Рейтинг: 3
t
×