Атамбоевнинг адвокати яна бир талаб билан чиқди

Олам 9553
image

Шифокорлар 3 февралга қадар Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг соғлиги бўйича консультация ўтказиши шарт. Бу ҳақда унинг адвокати Замир Жоошев “24.kg” ахборот агентлигига маълум қилди.

Унга кўра, Алмазбек Атамбоев ўзини яхши ҳис қилмаяпти. У бел оғриғидан азоб чекмоқда. 

“3 февраль куни 2019 йил 7-8 август кунги Қўй-Тош воқеалари бўйича ва яна иккита иш бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтади ва шу кундан олдин шифокорлар судьяга менинг мижозим тўғрисида жавоб беришлари шарт.

Шунингдек, биз профилактика чорасини ўзгартиришни талаб қиламиз. Азиз Батукаевни озод қилиш тўғрисидаги иш қайта кўриб чиқишга юборилди ва 28 январь куни бу жараён Бишкек шаҳрининг Первомайский судида бошланиши керак. Жиноят-процессуал кодексига биноан шахс бир йилдан ортиқ ҳибсга олиниши мумкин эмас. Бу фақат истисно ҳолатларда жоиздир ва бу ҳолда бундай ҳолатлар мавжуд эмас. Судьялар ва уларнинг самарасиз иши туфайли ушбу ишни кўриб чиқиш 2020 йил августидан бери чўзилиб кетган. Атамбоевнинг соғлиги ёмонлашмоқда” дейди Замир Жоошев.

Унинг қўшимча қилишича, Батукаев устидан суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилади.

Атамбоев нимада айбланганди?

2006 йилда “қонундаги ўғри” Азиз Батукаев Бишкек атрофидаги колониялардан бирида тартибсизликлар келтириб чиқаргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Тўполон пайтида депутат Тинишбек Акматбаев, жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки аъзоси ўлдирилганди.

2013 йилда Батукаев қамоқдан тиббий комиссия хулосасига кўра озод қилинган. Хулосага кўра, Батукаевга қон саратонининг сўнгги босқичи ташхиси қўйилган. У қамоқдан чиқиш билан дарҳол тарихий Ватани Чеченистонга учиб кетган. Тез орада тиббий ҳужжатлар сохта эканлиги аниқ бўлган, аммо Қирғизистон ҳукумати Батукаевни ортга қайтара олмаган.

Батукаевнинг озод қилиниши бўйича очилган жиноят иши якунида Атамбоев 11 йиллик қамоқ жазосини олганди. Август ойида Бишкек шаҳар судининг ҳайъати ушбу ҳукмни тасдиқлади.

Қайд этилишича, бу ишда собиқ Президентдан ташқари яна уч киши – шифокор Абдуҳалим Раимжонов, собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева ва Жазони ижро этиш давлат хизмати бошлиғининг собиқ маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев иштирок этган.

Собиқ маслаҳатчи ҳибсда сақлангани учун икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жолдубаева 5 миллион сом (66,7 минг доллар) жаримага тортилган. Шифокор эса жиноятнинг муддати ўтганлиги туфайли жазодан қутулиб қолган.

Қирғизистонда жорий йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловидан кейин бошланган норозилик намойишлари вақтида одамлар Атамбоевни қамоқдан озод қилди. Аммо у кейинроқ Бишкекда намойиш уюштиришда айланиб, яна ҳибсга олинди.

Кейинчалик Атамбоев Миллий хавфсизлик ҳибсхонасидан колонияга ўтказилди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 250
Рейтинг: 3
t
×