Атамбоев қай ҳолатда қамоқдан чиқиши айтилди

Олам

image

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевга нисбатан икки иш бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди. Бу ҳақда Бишкекнинг Первомайский туман суди матбуот хизмати хабар берган.

Таъкидланишича, “Калис-Ордо” турар-жой массивида мактаб қуриш ва Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш бўйича ишлар бир процессга бирлаштирилган. Айнан шу эпизодлар бўйича эҳтиёт чораси ўзгартирилган, чунки Қирғизистон Республикасининг янги Жиноят кодексига кўра, айбланувчини тергов изоляторида бир йилдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас.

Атамбоевнинг адвокати Замир Жоошевнинг тушунтиришича, агар Олий суд 2013 йилда Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилгани ҳақидаги иш бўйича қарорини бекор қилса, сиёсатчи озод этилиши мумкин. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 октябрь куни Олий суд Бош прокуратура талабига биноан Атамбоевга бу иш бўйича чиқарилган ҳукмни қайта тиклаган. Суд 2020 йил ноябрь ойида қуйи судлар ҳукмини бекор қилиш тўғрисидаги ўз қарорини бекор қилган. Шундан сўнг Олий суд ишни Первомайский туман судига кўриб чиқиш учун юборган.

“Эртага улар ўтган йилги шикоятимизни яна кўриб чиқади. Агар Олий суд коллегияси ҳимоя тарафини олса, ҳукм яна бекор қилиниши мумкин. Бу ҳолатда Атамбоев яна судланувчи эмас, айбланувчи бўлади. Ҳукм бекор қилингандан сўнг, бу ҳолатда эҳтиёт чораси қўлланилмаслиги керак”, деган Жоошев.

У Қўй-Тош воқеалари, жиноий даромадларни легаллаштиришдаги коррупция каби бошқа эпизодларда ҳам эҳтиёт чораси қўлланилмаганини таъкидлаган. Батукаев иши бўйича Атамбоев 11 йил-у икки ойга озодликдан маҳрум этилган. 

Маълумот ўрнида, Қирғизистон пойтахтининг марказий майдонида ўтган йилнинг 5-6 октябрь, шунингдек 9 октябрь кунларида турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Натижада ғалабани амалдаги Президент Садир Жапаров тарафдорлари қўлга киритиб, рақибларни майдонни тарк этишга мажбур қилишди. Тўқнашувлар чоғида номаълум шахс Атамбоев бўлган машинага тўппончадан бир неча бор ўқ узган, бироқ собиқ давлат раҳбари жароҳат олмаган. Жиноятчи ҳали топилмаган.   

Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев биринчи марта 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир нечта айбловлар қўйилди, жумладан ерларни тақсимлашда коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотилликка уриниш ва ҳоказо. У бир неча ой олдин соғлиғи ёмонлашгани сабабли, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан тиббий шифохонага эга бўлган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Атамбоев

Баҳолаганлар

344

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made