Ўзбекистонга келтирилаётган вакцина ишлаб чиқарилган давлатнинг ўзида тақиққа учради
Олам
−
16 Март 2021
15110Швеция AstraZeneca швед-инглиз фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишни эҳтиёт чораси сифатида тўхтатиб туради. Бу ҳақда Швеция Соғлиқни сақлаш агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Европа Дори воситалари агентлиги томонидан препарат таъсирида юзага келиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар текширилгунча Швецияда вакцинани қўллаш тўхтатилади.
Ушбу текширув давомида эмланганларда тромбоз ҳолатларининг эмлаш билан боғлиқлигини аниқлаш режалаштирилган.
“Европа Дори воситалари агентлиги ушбу ҳолатларнинг эмлаш билан боғлиқлигини аниқламагунча вакцинани қўллашни тўхтатиб туриш муҳимдир”, деган давлат эпидемиологи Андерс Тегнелл.
Швед департаментининг таъкидлашича, AstraZeneca вакцинаси коронавирусдан яхши ҳимоя қилади. Швециянинг ўзида ушбу препаратнинг ножўя таъсири қайд этилмаган.
Маълумот ўрнида, кўплаб Европа мамлакатлари AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўлиқ ёки қисман тўхтатганини эълон қилган. Германия, Франция, Италия, Испания, Словения, Португалия, Кипр, Нидерландия, Австрия, Дания, Эстония, Латвия, Литва, Болгария, Ирландия, Люксембург, Норвегия ва Исландия ҳам шулар жумласидандир.
Европадан ташқарида вакцинадан фойдаланиш Индонезия, Конго Демократик Республикаси, Таиланд ва Жанубий Африкада тўхтатилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг айтишича, ташкилотнинг вакциналар хавфсизлиги бўйича маслаҳат қўмитаси бугун, 16 март куни AstraZeneca препарати хавфсизлигини қайта кўриб чиқади.
AZD1222 вакцинаси Буюк Британия (Оксфорд университети) ва Швеция (AstraZeneca) олимлари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган.
Маълумот ўрнида, ушбу вакцина билан оммавий эмлашлар бошлангандан сўнг, эмланганлар орасида шифохонага ётқизилганлар ва ўлим ҳолатлари қайд этилган.
Ўлим ҳолатларини ўрганган шифокорлар ушбу вакцина билан эмланганларда қон қуйқалари ҳосил бўлганини аниқлаган.
Ўз навбатида, фармацевтика компанияси қон қуйқалари ва эмлаш ўртасида боғлиқлик мавжудлигига оид далиллар йўқлигини айтган.
Компания маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда 17 миллион киши эмланган ва улар орасида 15 та чуқур томир тромбози ва 22 та ўпка артериясининг эмболия ҳолатлари аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлат сифатида маълум миқдорда AstraZeneca вакцинасидан олади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь