Асосий дори воситалари рўйхати тасдиқланди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан янгиланган асосий дори воситалари рўйхати (АДВР) тасдиқланди. Бу ҳақда "Норма" хабар берди.

Ўзбекистон Республикасининг асосий дори воситалари ва тиббий буюмлари рўйхатини тузиш бўйича Йўриқномага мувофиқ АДВР Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қиладиган фармакотерапевтик таснифлаш асосида шакллантирилади.

Мазкур рўйхатдан тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжини таҳлил қилишда, харидларни оқилона ташкил этиш ва дори воситаларини тақсимлашда, ходимларни уни тўғри қўллашга ўргатиш, маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан асосий дори воситалари ишлаб чиқарилишини рағбатлантиришда, асосий дори воситалари мавжудлигини мониторинг қилиш ва нархини шакллантиришда фойдаланилади.

Дори воситалари халқаро патентланмаган номи билан дозаси ва чиқарилган шакли кўрсатилган ҳолда АДВРга киритилади. Дори воситалари халқаро патентланмаган номга эга бўлмаган тақдирда, унинг ўрнини босувчи ном ёки таркиб кўрсатилади.

Янги рўйхатга дори воситаларининг 43 гуруҳи бўйича препаратлар дозалари кўрсатилмаган ҳолда берилган. Хусусан, асосан марказий нерв тизимига таъсир қилувчи, психотроп дори воситалари, аналгетик воситалар, асосан периферик холинергик жараёнларга таъсир қилувчи дори воситалари ва бошқалар киритилган.

Рўйхат Савдо-саноат палатаси ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан келишилган.

Мазкур буйруқ билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи (рўйхат рақами 3045, 27.07.2018 й.) билан тасдиқланган асосий дори воситалари рўйхати ўз кучини йўқотади.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ дори

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг