“Аш-Шифа”ни вайрон қилаётган ЦАХАЛ ҳеч кимга шифохонадан чиқишга рухсат бермаяпти – ОАВ
Олам
−
17 Ноябрь 2023
5178Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори шимолидаги “Аш-Шифа” тиббиёт мажмуасига тегишли камида учта бинони вайрон қилди. Бу ҳақда “Al Hadath” телеканали хабар берди.
Айтилишича, Исроил мудофаа кучлари ҳеч кимнинг тиббиёт муассасаси биноси ва унга туташ биноларни тарк этишига рухсат бермаяпти.
“Улар “Аш-Шифа”да тўсиб қўйилганлар орасида жангарилар йўқлигини, фақат ярадорлар, шифохона беморлари ва ички кўчирилганлар борлигини жуда яхши билади”, дейилади хабарда.
Тиббиёт мажмуаси ҳудудига ҳалигача бирорта халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ҳам киритилмаган. Телеканал “Аш-Шифа”да қамалган ҳар бир киши сув, озиқ-овқат ва дори-дармонлардан маҳрум бўлганлиги сабабли ўлим хавфига дуч келишидан огоҳлантирган.
Ўз навбатида, Исроил ҳарбийлари 17 ноябрга ўтар кечаси “Аш-Шифа” шифохонаси ходимларига 4 минг литрдан ортиқ сув ва 1,5 минг тўплам тайёр овқат топширганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ҳарбийлари 15 ноябрь куни “Аш-Шифа” шифохонасига ҳужум бошлаганди. Улар шифохонада ҲАМАСнинг асосий қўмондонлик қароргоҳи жойлашгани, шунингдек, тиббиёт маркази остида 200 га яқин ҳаракат аъзолари яширингани ва 7 октябрдаги ҳужумда ўғирлаб кетилган гаровга олинганлар сақланаётган бир неча ерости мажмуалари ва туннел борлигини даъво қилган.
LiveБарчаси