Асакада мактаб ўқувчилари стол-стулсиз хонада дарс ўтишмоқда (видео)
Жамият
−
08 Октябрь 2022
7817Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиларининг стол-стулларсиз дарс жараёнида қатнашаётгани акс этган видео тарқалмоқда. Айтилишича, ҳолат Андижон вилояти Асака туманидаги 29-мактабда содир бўлган.
Видеода 15 нафарга яқин ўқувчиларнинг тик турган ҳолатда дарсни тинглаётганини, синфхонада фақат 3 тагина ўқувчи партаси мавжуд бўлиб, уларда ғам ўтириш учун ўриндиқларнинг йўқлигини кўриш мумкин.
Ўқитувчи эса тик турган ўқувчиларга “Инсон психологияси ва шахс этикаси” мавзусида дарс ўтаётган бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани Халқ таълими бўлими муносабат билдирди.
Муносабатда ёзилишича, тумандаги 28-сонли умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, мактабнинг айрим синфлари 29-сонли умумтаълим мактабининг 3 қаватига кўчирилган бўлиб, дарс машғулотлари учун зарур ўқув жиҳозлари тўлиқ таъминланган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолатда 28-умумтаълим мактаби ўқувчилари дарс машғулотларини якунлагандан сўнг, ўқувчиларга тўгарак машғулотлари ўтилаётган вақтда ушбу хонада парталар алмашинувини амалга ошириш жараёнида видеотасвирга олинган ва шу боис хонада жиҳозлар йўқдек кўриниш ҳосил бўлган”, дейилади туман халқ таълим бўлими баёнотида.
Шунингдек, бўлим ижтимоий тармоқларда тарқалаётган таълимга оид турли хабарларни нотўғри талқин этмаслик кераклигини қўшимча қилган.
LiveБарчаси