Арманлар босиб олинган ерларда 67 та масжиддан 65 тасини вайрон қилди – Илҳом Алиев
Олам
−
05 Октябрь 2022
10210Арманистоннинг Озарбайжонга қарши террор сиёсати давом этмоқда. Уруш тугаганидан бери 250 га яқин озарбайжонликлар миналардан жиддий жароҳат олди. Бу ҳақда бугун, 5 октябрь куни Ағдам шаҳрида бўлиб ўтган Озарбайжон шаҳарсозлик миллий форумида нутқ сўзлаган Президент Илҳом Алиев айтиб ўтди.
“Босқин пайтида арманлар 1 миллиондан ортиқ мина ўрнатган. Тўғридан-тўғри Лочин вилоятида биз Иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан кейин Арманистон Қуролли Кучлари томонидан қўйилган 1400 дан ортиқ миналарни топдик ва зарарсизлантирдик. Шундай қилиб, Озарбайжонга қарши тажовуз, Озарбайжонга қарши террор давом этмоқда”, дейди Озарбайжон раҳбари.
У Арманистон давлати кўп ўн йиллар давомида Озарбайжон ерларини ноқонуний эгаллаш сиёсатини олиб бораётганини, бу халқаро ҳуқуқ ва Женева конвенциясини қўпол равишда бузиш эканини эслатди.
“Арманистонга қарши санксия қўллаш бўйича барча чақириқларимизга қарамай, халқаро ҳамжамият бунга кўз юмишга қарор қилди. Босқиндан озод қилинганерлардаги 67 та масжиддан 65 таси бутунлай вайрон бўлган”, дейди Илҳом Алиев.
Давлат раҳбари барча содир бўлган воқеаларга қарамай, Озарбайжон Арманистонга тинчлик таклиф қилганини эслатди.
Президентнинг фикрича, Арманистон билан тинчлик шартномаси беш тамойилга асосланиши керак, улар бир-бирининг давлатларининг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш, келажакда ҳар қандай ҳудудий даъволардан воз кечиш, куч ишлатмаслик, чегараларни делимитация қилиш ва алоқаларни очишни ўз ичига олади.
Давлат раҳбари бугун Озарбайжон олдида янги вазифалар – Қорабоғ ва Шарқий Зангезурни тиклаш бўйича вазифалар турганини таъкидлади. Унга кўра, озод қилинган барча вилоятларнинг электр таъминоти тикланган.
“Буюк қайтиш дастури аллақачон бошланган. Жорий йилнинг май ойида Зангилон вилоятида илк қишлоқ барпо этилиб, биринчи мажбурий кўчирилганлар ўз уйларига қайтди. Биринчи мактаб Зангилонда очилди”, дейди Алиев.
Давлат раҳбарининг айтишича, Озарбайжон келгуси йил охиригача Лочин шаҳрини тиклашни режалаштирмоқда.
“Бу ойда биз Зангилон шаҳрида халқаро аэропорт очишни режалаштирганмиз”, дейди у.
Баку ва Ереван ўртасидаги сўнгги йирик кескинлик жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь