Арманистоннинг позициясида ўсиш бор, лекин бу етарли эмас – Алиев
Олам
−
20 Февраль 2023
2931Арманистоннинг тинчлик келишуви борасидаги позициясида ўсиш бор, лекин бу етарли эмас. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан уч томонлама учрашувдан кейин журналистларга баёнот берди.
Учрашувнинг фойдали ва конструктив ўтганини қайд этган Алиев, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик келишуви жараёни билан бир қаторда кўплаб мавзуларни муҳокама қилганини билдирди.
Илҳом Алиев халқаро ҳуқуқ меъёр ва тамойиллари асосида тинчлик битими тайёрланиши кераклигини айтиб, шундай деди:
“Биз учун Қорабоғ масаласида бирон бир модданинг мавжудлиги қабул қилиниши мумкин эмас. 3 кун олдин биз Арманистондан янги жавоб таклифларини олдик. Энди биз уларни ўрганмоқдамиз. Бир қарашда Арманистон позициясида ўсиш бор, аммо бу етарли эмас”.
Алиев томонлар озарбайжонлик экологларнинг 2022 йилнинг 12 декабридан бери давом этаётган Лочин коридоридаги норозиликлари ҳақида ҳам гаплашилганини урғулади.
“Ҳеч қандай блокада йўқ. Намойишлар бошланганидан бери, яъни 12 декабрдан буён Лочин йўли бўйлаб Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг 2500 дан ортиқ юк ва енгил автомобиллари ўтган. Агар блокада бўлса, бу қандай мумкин? Биз бу асоссиз айбловларни рад этамиз. Биз табиий бойликларимиздан ноқонуний фойдаланишга чек қўйишни ҳақли равишда талаб қиламиз ва ишончим комилки, натижага эришилмагунча намойишчилар таслим бўлмайдилар”, дейди Алиев.
Президент, Арманистон ва Озарбайжон чегарасида икки томонлама назорат-ўтказиш пунктларини ўрнатишни расман таклиф қилганликларини, бироқ Пашинян бу саволга жавоб бермаганини, Ереванга бу масалада ўйлаш учун вақт керак бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
“Бу, албатта, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашувида муҳим омил. Чунки демаркация ҳақида гапирадиган бўлсак, назорат-ўтказиш пунктларисиз бунинг иложи йўқ. Агар йўллар очиш ҳақида кетаётган бўлса, албатта, Зангезур йўлагининг икки четида ва Лочин ва Арманистон чегарасида назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилиши керак. Бугун мен буни расмийлаштирдим. Бу уч томонлама учрашувдаги таклиф. Арманистондан жавоб кутамиз”, дейди Озарбайжон раҳбари.
2022 йил 12 декабрда ўзини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Лочин йўлагини (Арманистон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғни боғловчи ягона йўл у орқали ўтади) тўсиб қўйган. Баку норозилик акциясидан мақсад ҳеч қандай йўлни тўсиб қўйиш эмаслигини, фуқаролик воситалари ҳар икки йўналишда ҳам эркин ҳаракатлана олишини билдирди.
Ереван буни Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокация сифатида баҳолади. Республика Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида маълум қилганидек, Тоғли Қорабоғда қамал туфайли озиқ-овқат тақчиллиги бошланган. 14 декабрь куни Арманистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Озарбайжонни Лочин йўлагини тўсиб қўйишга мажбурлаш талаби билан мурожаат қилди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь