Арманистондаги портлаш қурбонлари 16 кишига етди
Олам
−
16 Август 2022
5051Арманистон пойтахти Ереван шаҳридаги “Сурмалу” улгуржи-чакана савдо марказида юз берган портлаш қурбонлари сони 16 кишига етди. Бу ҳақда бугун, 16 август куни Арманистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Қидирув-қутқарув ишлари давомида 16 нафар жасад топилган, улардан олти нафарининг шахси аниқланган, ўн нафарининг кимлиги номаълумлигича қолмоқда. Қурбонлар орасида ёш бола ва ҳомиладор аёл ҳам бўлган. 61 нафар жабрланувчи Ереван тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган бўлиб, улардан 13 нафари даволанишда қолмоқда, 48 нафарига ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Шунингдек, 18 киши бедарак йўқолганлиги бўйича хабар берилган. Улардан бири Россия фуқароси – 1959 йилда туғилган Любов Грибова экани аниқланган. Ундан ташқари рўйхатда яна бир хорижлик, Эрон фуқароси Меҳди Таҳрири ҳам бўлган. Йўқолганларнинг қолганлари Арманистон фуқароларидир. Бу ҳақда Арманистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Айка Костанян маълум қилган.
15 август ҳолатига кўра, воқеа жойидаги ишларда 185 нафар қутқарувчи иштирок этган, Ереван муниципалитетидан 20 та сув ташувчи, 7 та қўшимча техника жалб қилинган.
Ёнғинни ўчириш ишларини Фавқулодда вазиятлар вазири Армен Памбухчян мувофиқлаштирган. Воқеа жойига Бош вазир Никол Пашинян, ҳудудий бошқарув ва инфратузилма вазири Гнел Саносян ҳам етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 август куни Арманистон пойтахти Еревандаги “Сурмалу” савдо марказининг пиротехника омборида кучли портлаш содир бўлган эди. Харобалар 8000-9000 квадрат метр майдонни эгаллайди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси