Armani мода империяси асосчиси вафот этди
Маданият-санъат
−
04 Сентябрь 8201 2 дақиқа
Италиялик модельер ва тадбиркор, Armani компанияси асосчиси Жоржо Армани 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “La Repubblica” хабар берди. Кейинроқ ушбу хабарни Armani Group ҳам тасдиқлади.
“Жаноб Армани ходимлари ва ҳамкорлари орасида ҳурмат ва эҳтиром қозонган. У яқинлари даврасида тинч ва осойишта оламдан ўтди. У ўзини компанияга, унинг коллекцияларига, турли ва доимий ўзгариб турадиган лойиҳаларига бағишлаб, тинимсиз ишлади”, дейилади хабарда.
Модельер 1934 йилда Шимолий Италиядаги Пьяченце шаҳрида туғилган. У 1975 йилда ўзининг дўсти, меъмор Сержо Галлеотти билан биргаликда Armani компаниясига асос солган. Компания кўплаб мукофот ва совринларга сазовор бўлган. Улар орасида “Neiman Marcus Fashion Award” мукофоти (1979), энг яхши халқаро дизайнер мукофоти, эркаклар кийимлари соҳасидаги улкан хизматлари учун мукофот (иккаласи ҳам Америка Модельерлар Кенгашидан), GQ журналининг “Йил дизайнери” мукофоти, “Walk of Style”нинг биринчи мукофоти (2003) – мода ва кино оламларини бирлаштиришдаги роли учун ва бошқа мукофотлар бор. Армани компаниясининг ҳозирги қиймати аниқ очиқланмаган, лекин йиллик айланмаси 2,5–2,7 миллиард долларни, савдо тармоғи эса тахминан 3 мингта дўконни ташкил этади.
Шунингдек, Armani – Georgio Armani SpA компаниясининг ҳаммуассиси ва ягона эгаси бўлиб, у Милан шаҳрида жойлашган мода уйи ҳисобланади. Яқин доирада бошқариладиган бу компания 2024 йилда 2,3 миллиард евро даромад кўрган. Бу даромад AJ Armani Jeans ва Emporio Armani каби брендлардан тушган.
Live
Барчаси