Арқадағнинг “Арқадағ”и Туркманистон чемпиони бўлди
Спорт
−
08 Октябрь
6536Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига ташкил этилган “Аркадағ” футбол клуби муддатидан олдин мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Жамоа Туркманистон Олий лигасининг 28-турида “Небитчи”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионат якунланишига 5 та тур қолганида ғолибликни расмийлаштирди. Шундай қилиб, ташкил этилганига икки йил бўлган жамоа кетма-кет икки йил мамлакат чемпионига айланди.
Айрим нашрларнинг ёзишича, “Аркадағ”нинг рақиблари олдида рақибнинг йирик ҳисобда ғалаба қозонишини таъминлаш учун ўйинларда асосий таркиб ўйинчиларини туширмаслик ҳақида яширин топшириқ бор. Ушбу мавсумда “Аркадағ” футболчилари 25 учрашувда 124 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди (ҳар бир ўйинда ўртача 5 тадан гол урди).
Айни пайтда Туркманистон чемпионатида иккинчи ўрин учун фаол кураш давом этмоқда, бу эса ОФК халқаро клуб турнирларида қатнашиш ҳуқуқини беради. “Аҳал” ва “Олтин Аср” кумуш медаллар учун кураш олиб бормоқда. “Аҳал”да 52 очко, “Олтин Аср”да 49 очко бор. Уларни кейинги турларда ўзаро куч синашиши, шу билан бирга, иккала жамоа ҳам “Аркадағ” билан ўйнаши керак.
Октябрь ойи охирида “Аркадағ” ОФК Чақирув лигасининг гуруҳ босқичида иштирокини бошлайди. Мусобақанинг гуруҳ босқичи 1-тури доирасидаги дебют ўйини Қувайтда Малдивнинг “Мазия” жамоасига қарши ўтказилади.
LiveБарчаси