Арқадағ ўғлидан ҳокимиятни қайтариб олмоқчи – “Carnegie Politika”
Олам
−
20 Апрель 2023
25831Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган йили ҳокимиятни ўғли Сердар Бердимуҳамедовга топширган ва у янги президент бўлган эди. Энди эса ундан ҳокимиятни қайтариб олмоқчи. Бу ҳақда Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармасининг “Carnegie Politika” нашри хабар берди.
Айтилишича, ҳокимият транзитини амалга оширган Гурбангули Бердимуҳамедов, “парда ортидан ҳукмронлик қилишни” режа қилган. Бироқ унинг ўғли президент бўлгач, катта ваколатларни ўз қўлига олиб, нуфузли қариндошларини таъқиб қила бошлаган. Хорижий шериклар ҳам Арқадағ билан эмас, балки у билан алоқа ўрната бошлаган. Бундан ташқари, Сердар Бердимуҳамедов лавозимга кўтарилиши учун катта хизмат қилган бир нечта вазирларни тайинлаш орқали ҳукуматни янгилаган.
Бундай икки томонлама ҳокимият иерархияда чалкашликларга олиб келади: на жамият, на давлат аппарати мамлакатнинг ҳақиқий раҳбари кимлигини тушунмайди. Масалан, Туркманистон расмийлари чет эл сафарларида кимни кузатиб бориши ва кимга ҳамроҳлик қилмаслик кераклиги, давлат ОАВлари эса биринчи навбатда кимни кўрсатиш ҳақида бош қотирмоқда.
Бу жараёнларнинг барчасига ота ҳақиқий кучни қайтариш учун фавқулодда махсус операция билан жавоб беришга қарор қилди. Март ойи охирида Туркманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди, ундан кўзланган мақсад эса мамлакатдаги парламентни бир палатали қилиш эди. Гурбангули Бердимуҳамедов ўзи бошчилик қилаётган парламентнинг юқори палатасини деярли чексиз ваколатларга эга бўлган миллий олий органга айлантирувчи ислоҳотларни бошлади. Эндиликда уни четлаб ўтиб, ҳеч қандай ўзгаришлар, жумладан, кадрлар ўзгаришини амалга оширишнинг иложи бўлмайди ва натижада Президент ўз таъсири бўйича вазирлар билан бир даражага тушиб қолади.
Агар бирон сабабга кўра давлат раҳбари ўз вазифаларини бажара олмаса, улар автоматик равишда янги миллий юқори палата раисига, яъни Гурбангули Бердимуҳамедовга ўтади.
“Туркманистонда ҳокимиятнинг отадан ўғилга ва аксинча ўғилдан отага ўтиши ҳақидаги ҳикоя кулгили туюлиши мумкин, аммо бу авторитар тизимларда транзит жараёни нақадар нозик эканлигига нодир мисолдир”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь