“Арқадағ” протоколдан четга чиқиб, Мирзиёевни шахсан кузатиб қўйди
Жамият
−
06 Август 25152 3 дақиқа
Кеча, 5 август куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонда шаклланган протокол тартиб-қоидаларидан четга чиқиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни аэропортда шахсан кузатиб қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу ўзаро ҳурматга асосланган самимий ва дўстона муносабатларнинг, икки халқ ўртасидаги чинакам қардошлик ришталарининг бебаҳо намунасидир. Шунингдек, Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиш учун Каспий бўйидаги Авазага амалий ташрифи Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг ўзига хослигини яна бир бор тасдиқлаганини қайд этди.
“2017 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифини Туркманистонга амалга оширгани бежиз эмас. Ўтган йиллар мобайнида давлатимиз раҳбари, Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бутунлай янги даражага кўтарилди. Бугун Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёда чинакам яхши қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
БМТ конференцияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” ордени билан тақдирлангани ҳам икки давлат ўртасидаги ҳурматнинг юксак даражасини англатади”, дейди у.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда Президент Мирзиёев қўшни ва дунёдаги етакчи давлатларнинг бир қатор нуфузли мукофотларига сазовор бўлди. Қозоғистоннинг “Олтин қиран” ва “Дўстлик”, Қирғизистоннинг “Данакер”, Тожикистоннинг “Зарринтож”, Россиянинг Александр Невский, Франция Фахрий легиони, Туркиянинг “Республика” орденлари, Туркий дунёнинг олий ордени, МДҲ фахрий нишони, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони ва бошқалар шулар жумласидан.
“Бу мукофотларнинг ҳар бири фақатгина Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятига берилган баҳо эмас. Уларнинг ортида давлатимиз раҳбарининг ҳамкасблари, ҳамкор мамлакатлар етакчилари билан биргаликдаги самарали меҳнати туради. Ана шундай ҳамжиҳатлик туфайли Марказий Осиё бугун рақобат эмас, балки ҳамкорлик маконига айланиб бораётганида уларнинг ҳам хизматлари беқиёс.
Умуман олганда, бу мукофотлар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда ишончли, масъулиятли ва ташаббускор ҳамкор сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Айни пайтда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсат стратегияси баландпарвоз баёнотларга эмас, балки аниқ амалий ҳаракатларга: ўзаро келишувлар, қўшма лойиҳалар, очиқ чегаралар, янги транспорт йўлаклари ва мулоқот майдонларига таянади. Буларнинг барчаси – халқимиз ҳаётини яхшилаш ва фаровонлигини юкслатириш учун”, дейди Президент матбуот котиби.
Асадов Ўзбекистон етакчисига Туркманистон орденининг берилиши расмиятчилик эмас, балки Ўзбекистоннинг минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлашдаги фаол ва конструктив позициясининг эътирофи эканини билдирган.
“Бу шунчаки мукофот эмас, балки глобал беқарорлик, ишонч тақчиллиги ва хатарлар фонида Ўзбекистон ва унинг ҳамкорлари минтақада яратаётган барқарор муҳит катта қадриятга айланаётганига ишора. Ана шу барқарорликни ким таъминлаётган бўлса, унинг меҳнати муносиб эътирофга лойиқ”, деди у.
Live
Барчаси