“Арқадағ”нинг вакили “Толибон” билан музокара ўтказди
Олам
−
30 Сентябрь 2021
5593Туркманистоннинг Афғонистондаги элчиси Хўжа Овезов кеча, 29 сентябрь куни Қобулда “Толибон” ҳукумати Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчиси Амир Хон Моттаки билан учрашди.
Таъкидланишича, томонлар энергетика соҳасидаги савдо ва ҳамкорлик, хусусан, TAPI газ қувурини қуриш масалаларини муҳокама қилган.
Маълумот ўрнида, 2015 йил декабрь ойида Туркманистон ҳудудида умумий узунлиги 1814 километр ва қуввати йилига 30 миллиард кубометр табиий газни ташкил этувчи TAPI (Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон) газ қувурининг қурилиши бошланган.
Қувур линияси Афғонистон чегарасидан 150 км узоқликда, Мари вилоятидаги Галкиниш конидан бошланади ва Ҳиротдан жанубдаги Фарах, Ҳелманд ва Қандаҳор вилоятларига, ундан кейин Покистон ва Ҳиндистонга ўтади. 2018 йил февраль ойида Афғонистон ҳудудидан ўтадиган қувурни ётқизиш расман бошланган.
Бу мамлакатдаги жанговар ҳаракатлар туфайли лойиҳанинг бажарилиши бир неча бор қолдирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Афғонистон томони туркман газининг транзити учун 500 миллион доллар фойда, шунингдек 10 йил давомида ҳар йили 500 миллион кубометр газ олади. TAPI лойиҳаси ишга тушиши билан 12 мингдан ортиқ одам иш билан таъминланади.
Ўтган йилларда ҳам туркман томони TAPI бўйича “Толибон” билан музокаралар олиб борган. 2015 йил бошида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Толибон”нинг Қатардаги офиси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станакзайни Туркманистонга таклиф қилиб, лойиҳа хавфсизлигини муҳокама қилган.
Аввалроқ, Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Алимхон Есенгелдиев Қобулда Амир Хон Моттаки билан учрашгани ҳақида хабар бергандик.
Шунингдек, Сурхондарё ва Балх вилоятлари ҳокимлари бошчилигида Ўзбекистон ва Афғонистон чегараолди ҳудудлари бошқарув идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг йиғилиши бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси