Аргентина долларга ўтиш орқали суверенитетини бой беради – Путин

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Аргентинанинг янги раҳбари Хавьер Милейнинг миллий валютадан воз кечиб, АҚШ долларига ўтиш қарорига изоҳ берди. Бу ҳақда у кеча, 14 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

"Аргентинанинг янги сайланган Президентининг долларга ўтиш ғояси барчага маълум. Бу уларнинг танлови. Аргентинада инфляция 145 фоиз эканини ҳам унутмаслик керак. Айни пайтда давлат каттагина қарзларини қайтариш муаммосига дуч келган", деган Россия етакчиси. 

Путин бу таклифни бир томондан тўғри тушуниш мумкинлигини, бироқ ушбу ҳолатда мамлакат суверенитети хавф остида қолишини айтган. 

"Долларга боғланиб қолиш кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни юзага келтиради", деган у.

Қайд этиш жоизки, долларизация – Милейнинг асосий таклифларидан бири бўлиб, мақсад инфляцияни жиловлаш ва Аргентина иқтисодиётини қўллаб-қувватлашдир. Чунки Аргентинани аллақачон инфляция ва юқори қарздорлик қамраб олган. Янги сайланган раҳбарнинг фикрига кўра, АҚШ долларини қабул қилиш пул-кредит сиёсатини Аргентина марказий банкидан узоқлаштиради ва АҚШ Федерал захира тизимига ўтказади.

Россия матбуотида Аргентинанинг сиёсати Москва томонидан илгари сурилган ва бошқа кўплаб ривожланаётган иқтисодиётлар томонидан қўллаб-қувватланган ҳамда Украина билан боғлиқ санкциялар қўйилганидан кейин кучайиб бораётган доллардан воз кечиш тенденциясига зид эканига урғу берилган.

Ғарб молия бозорларидан самарали равишда ажратиб турувчи чекловларга жавобан Россия ва унинг BRICS'га аъзо мамлакатлар гуруҳидаги етакчи савдо ҳамкорлари ўзаро олди-бердида миллий валюталарга ўтишни бошлаган.

Путиннинг сўзларига кўра, Милейнинг песодан воз кечиш ёки миллий валютани долларга боғлаш режаси ҳам ижтимоий беқарорликка олиб келиши мумкин.

"Пул сеники бўлмагач, уни сен чоп эта олмайсан. Оқибатда ижтимоий ҳимояга, тиббиётга, маошларга ажратиладиган пул кескин камайтирилиши керак. 

Биз 2021 йил экспорт савдоларида 87 фоиз хорижий валюта – доллар ва евродан фойдаланардик. Рубль ҳажми 11-13 фоиз, юань эса 0,4 фоиз атрофида эди. Бу йил сентябрдаги савдоларда рубль 40 фоиз, юань 33 фоиз, евро ва доллар 24 фоизга тенг бўлди. Бу яхши, миллий валютадан фойдаланиш орқали ўз суверенитетимизни мустаҳкамлаяпмиз", деган Путин.

Маълумот учун, Аргентина 2024 йил 1 январда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкадан иборат BRICSга қўшилиши режалаштирилган эди, аммо янги ҳукумат бу қарорни бекор қилди. Аргентинанинг янги ҳукумати шу ҳафта бошида "иқтисодий шок терапияси", яъни песонинг кескин девальвацияси сиёсати бошланганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Россия Владимир Путин Аргентина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг