Араб Лигаси ва ИҲТ Исроилни босиб олинган ҳудудлардан чиқиб кетишга чақирди
Олам
−
12 Ноябрь
6427Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар Исроилни Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус ва Голан тепаликларидан чиқиб кетишга чақирди. Бу ҳақда кеча, 11 ноябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган саммит якуни бўйича қабул қилинган резолюцияда сўз боради.
Билдирилишича, бундай ҳаракат минтақада “адолатли ва кенг қамровли тинчлик” ўрнатилишига ҳисса қўшади. Саммит иштирокчилари 1967 йил 4 июнь ҳолатига кўра чегараларни ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Якуний ҳужжат, шунингдек, Фаластин ҳудудлари – Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилни пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган ягона Фаластин давлатига бирлаштиришга чақиради. Бундан ташқари, Араб Лигаси ва ИҲТ давлатлари раҳбарлари халқаро ҳамжамиятни Исроилга қурол-яроғ ва ўқ-дорилар экспортини тақиқлашга чақирди.
Қайд этиш жоизки, Араб Давлатлари Лигаси ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига Исроил давлатини тан оладиган давлатлар ҳам, унинг минтақавий интеграциясини қатъиян рад этувчи давлатлар ҳам киради. Саммит Яқин Шарқдаги вазиятнинг ёмонлашуви фонида Ар-Риёд томонидан ташкил этилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Голан тепаликлари ҳам ўн йиллар давомида Яқин Шарқдаги баҳсли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Исроил 1967 йилда араб давлатлари коалициясига қарши Олти кунлик уруш пайтида Голан тепаликларининг муҳим қисмини эгаллаб олди ва 1981 йилда уни аннексия қилди. АҚШ 2019 йилда Голан тепаликлари устидан Исроил суверенитетини тан олган ягона давлатга айланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлагани хабар қилинганди.
LiveБарчаси