Араб давлатлари вазирлари Сурия инқирози муҳокамаси учун Жиддада йиғилди
Олам
−
15 Апрель 2023
4839Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ҳамда Миср, Иордания ва Ироқ давлатларининг Ташқи ишлар вазирлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида йиғилиб, Суриядаги можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишни муҳокама қилди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал ибн Фархоннинг таклифига биноан Жидда шаҳрида Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши давлатлари ҳамда Миср, Иордания ва Ироқ Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви минтақавий таранглик юмшай бошлаган бир пайтга тўғри келган, бироқ у келишувсиз якунланган.
Ташқи ишлар вазирлари Сурия инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилиш, бу мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги қадамларни алоҳида муҳокама қилган. Бироқ Суриянинг араб дунёси билан кенгроқ нормаллашуви бир қанча давлатлар учун нозик масала бўлиб қолмоқда.
Хусусан, шу ҳафта бошида Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ал-Тани 2011 йилда Суриянинг Араб Лигасидаги аъзолигини тўхтатиб қўйишнинг дастлабки асослари ҳали ҳам сақланиб қолаётганини айтган.
Иордания эса учрашув олдидан Суриядаги ўн йилдан ортиқ давом этган можаронинг ҳалокатли оқибатларига барҳам бериши мумкин бўлган қўшма араб тинчлик режасини илгари сураётганини маълум қилган.
Кўплаб хорижий кучларни ўзига жалб қилган ва мамлакатни парчалаб ташлаган Суриядаги урушда юз минглаб одамлар ҳалок бўлди.
Туркия ва Сурияда содир бўлган ҳалокатли зилзиладан кейин минтақанинг бошқа жойларида нормаллашув жадаллашгани ортидан Абу Даби ва Уммон Сурия билан алоқаларни яхшилай бошлаган. Минтақавий қудратли Саудия Арабистони эса Сурия раҳбари Башар Асад билан муносабатларнинг нормаллашувига узоқ вақт қаршилик кўрсатиб келган. Бироқ Суриянинг асосий минтақавий иттифоқчиси бўлган Эрон билан яқинлашганидан сўнг Дамашққа нисбатан ҳам янги ёндашув зарурлиги маълум қилинган.
Маълумот учун, 2011 йилда Сурия Президенти Башар Асад намойишларни шафқатсизларча бостиргани учун Ғарбий ва араб давлатлари уни бойкот қилган эди. Бироқ эндиликда Миср ва Бирлашган Араб Амирликлари каби араб давлатлари Дамашқ билан алоқаларни тиклай бошлаган.