Саудия ва Туркия Эронга “насиҳат қилди”
Олам
−
19 Июль 2023
10847Саудия Арабистони ва Туркия Эронни ядро дастурининг тинч характерини таъминлашга, шунингдек, Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) билан ҳамкорликни давом эттиришга чақирди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Саудия Арабистонига ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда сўз борган.
“Томонлар Эроннинг ядровий дастурининг тинч характерига содиқлиги ва Халқаро атом энергияси агентлиги билан шаффоф ҳамкорлик қилиши муҳимлиги, шунингдек, минтақа давлатлари иштирокида кенг қамровли музокаралар олиб бориш, халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи манбаларни бартараф этиш зарурлигига ишора қилган.
Туркия Президенти Саудия Арабистонига жорий йилнинг 17 июль куни кечқурун Форс кўрфазига уч кунлик сафари доирасида борди. Ташриф якунлари бўйича Ар-Риёд ва Анқара ўртасида энергия соҳасида ўзаро англашув меморандуми, тўғридан-тўғри инвестициялар соҳасида ўзаро англашув меморандуми, шунингдек, мудофаа саноати соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳаракат режаси имзоланди. Бундан ташқари, Қироллик Мудофаа вазирлиги “Bayraktar” учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқарувчи Туркиянинг “Baykar” компанияси билан иккита шартнома имзолади.
2015 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия Теҳроннинг ядровий ривожланиши билан боғлиқ инқирозни бартараф этишга қаратилган Эрон билан Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолаган эди. АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп 2018 йилда ушбу келишувдан чиқишга қарор қилган эди. Америка маъмуриятининг амалдаги раҳбари Жо Байден Вашингтонни ядровий келишувга қайтаришга тайёрлигини бир неча бор билдирган.
2021 йил апрель ойидан бери Россия, Буюк Британия, Германия, Хитой, АҚШ ва Франция Венада Эрон билан Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини асл кўринишида тиклаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. 2022 йил 10 ноябрь куни Халқаро атом энергияси агентлиги Бош директори Рафаэль Гросси Австрия пойтахтида Ислом Республикаси вакиллари билан музокараларнинг навбатдаги раунди ҳеч қандай натижасиз якунланганини айтди.
LiveБарчаси