Apple янги ноутбукларни намойиш қилди

Технология

image

Американинг Apple компанияси кеча, 10 ноябрь куни компьютер ва ноутбуклар учун ишлаб чиқарган процессорини намойиш қилди.

“Mac учун олдинга улкан қадам ташлашга тўғри келди. Бунинг учун биз бир қанча янги технологияни ишлаб чиқдик”, деган Apple`нинг компьютер эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга масъул вице-президенти Жон Тернус.

Процессор M1 номини олган. Тернуснинг маълум қилишича, M1 махсус Mac учун ишлаб чиқарилган биринчи чип.

Тернусга кўра, бу жуда ажойиб чип. У Mac учун янги давр бошланганини билдиради. 8 ядроли процессор 5-нанометрли технологик жараён бўйича ишлаб чиқилган. 

Apple`нинг процессорлар ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Жон Шружининг таъкидлашича, M1`да янги технологиялар бўйича ақлбовар қилмас унумдорликни таъминлаш учун 16 млрд дона транзистор ўрнатилган. Процессор ёрдамида бир сонияда 11 триллион амални бажариш мумкин.

Apple`нинг янги процессорида ишловчи биринчи компьютерлар 13 дюймли MacBook Air ва MacBook Pro ноутбуклари ҳамда Mac mini неттопи бўлди.

MacBook Air 2 Тб доимий ва 16 Гб тезкор хотирага эга ҳамда қайта қувватланишсиз 18 соатгача ишлай олади. Ноутбукда кулер бўлмайди ва шу сабабли у “умуман шовқинсиз” ишлайди. Ноутбукнинг базавий модификацияси 999 доллар туради. 

MacBook Pro ноутбуги ҳам 2 Тб доимий ва 16 Гб тезкор хотирага эга бўлади. Унинг бошланғич нархи 1299 долларни ташкил қилади. Қурилма қайта қувватланишсиз 20 соатгача ишлай олади.

Apple июнда компьютер ва ноутбуклар учун шахсий процессорини ишлаб чиқариш ниятида эканини билдирганди. Компания раҳбари Тим Кук буни “компания учун тарихий лаҳза” бўлишини айтган. Бунгача Apple компьютерларида 15 йил давомида Intel компаниясининг процессорларидан фойдаланилган.

Эслатиб ўтамиз, Apple 2020 йил кузда иккита тақдимотни ўтказиб улгурганди. 15 октябрь кунидаги тақдимотда янги соат ва iPad`лар намойиш қилинди, 13 октябрь куни эса янги iPhone`лар тақдим этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Apple

Баҳолаганлар

116

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг