Apple имконияти чекланганлар учун янги дастур яратмоқда
Технология
−
19 Май 2023
4879Apple ногиронлиги бўлган фойдаланувчиларга мўлжалланган бир қатор технологик ечимларни эълон қилди. Бу хақда компания ўзининг сайтида хабар берди.
Дастур жорий йилнинг сўнгига қадар iPhone, iPad ва Mac қурилмаларида пайдо бўлади. Компаниянинг таъкидлашича, улар кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсонлари бўлган одамларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда бу ишга қўл урган.
Тез орада iOS ва iPadOS операцион системасида пайдо бўладиган “Assistive Access” тизими когнитив ногиронлиги бўлган одамлар учун мўлжалланган. Функция iPhone ва iPad интерфейсини қайта лойиҳалаштириб, асосий эътибор яқинлар билан телефонда қулайроқ боғланиш, суратлар алмашиш ва мусиқа тинглашни осонлаштиришга қаратилган. Масалан, унда “Телефон” белгиси ва “FaceTime” иловалари битта қилиб умумлаштирилган. Пиктограмма дизайни каттароқ қилиниб, контрасти оширилган ва аниқроқ матн ёрлиқларини киритиш билан соддалаштирилган. Бу кўриниш эса худди қариялар кўпроқ фойдаланадиган кичкина ва қулай телефонни эслатади. Фойдаланувчи ушбу визуал хусусиятларни ўз хоҳишига кўра созлаши ва уни ҳар қандай мос келадиган иловага қўллаши мумкин.
Шунингдек кўриш имконияти чекланган инсонлар Лупа белгиси орқали яқин атрофдаги эшиклар, одамлар ёки белгиларни аниқлаш имконига эга бўлади. Шунингдек, Apple қурилма камераси ва LiDAR сканеридан фойдаланган ҳолда, кўриш қобилияти паст одамларга матн ва жисмоний объектлар билан мулоқот қилишда ёрдам берадиган “Point and Speak” функциясини жорий қилади. Натижада агар кўзи ожиз фойдаланувчи овқатни микротўлқинли печда иситмоқчи бўлса, у попкорн, пицца ва қувват тугмаларини фарқлаш учун ушбу функциядан фойдаланиши мумкин. Бу ҳолатда қурилма матнни аниқлаганда уни овоз чиқариб ўқийди. Функция инглиз, француз, италян, немис, испан, португал, хитой, корейс, япон ва украин тилларида тақдим этилади.
Ушбу янгиликнинг яна бир аҳамиятли тарафи унинг фойдаланувчи товушига ўхшаш шахсий овоз яратиш имконига эга эканлигидир. Асбоб амиотрофик склероз каби касалликлар туфайли гапириш қобилиятини йўқотиш хавфи остида бўлиши мумкин бўлган одамлар учун мўлжалланган. Шахсий овозни яратиш учун фойдаланувчи смартфон ёки компьютер микрофонида тасодифий танланган матнни ўқишга тахминан ўн беш дақиқа сарфлаши керак. Компания маълумотларига кўра, фойдаланувчи овозли маълумотлари ҳеч қачон учинчи шахсларга, ҳатто Apple’нинг ўзига ҳам берилмайди. Аммо шахсий овоз фақат инглиз тилида сўзлашадиган фойдаланувчилар учун мавжуд бўлади.
Нутқда нуқсони бўлган одамлар учун компания клавиатурада ёзилган матнни овоз чиқариб айтиш имконини берувчи Live Speech функциясини тақдим этади. Бундан ташқари, агар фойдаланувчилар тез-тез бир хил ибораларни такрорлашлари керак бўлса, масалан, одатдагидек қаҳва буюртма қилмоқчи бўлса, дастурда олдиндан ўрнатилган ибораларни сақлаши мумкин. Apple компанияси мавжуд нутқни матнга айлантириш воситаларини ҳам янгиламоқда. Энди товушли бошқарув функцияси фонетик матнни таҳрирлашни хам ўз ичига олади, бу эса овозли хабар жўнатган фойдаланувчига хатоларни тезда тузатиш имконини беради. Функция инглиз, испан, француз ва немис тилларида тақдим этилади.
Янги функциялар шу йил охирида Apple’нинг турли қурилмаларига жорий этилиши кутилмоқда. Шунингдек, мавжуд таклифлар нуқтаи назаридан, компания Германия, Италия, Испания ва Жанубий Кореяда SignTime’дан фойдаланиш имкониятини кенгайтирмоқда. Бу хусусият фойдаланувчиларга имо-ишора тилини таржима қилиш воситаларини таклиф этади.
Севара Азимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь