АПЛда 12-тур сенсацияларга бой бўлди
Спорт
−
24 Ноябрь 2199 4 дақиқа
Кеча, 23 ноябрь куни Англия Премьер-лигаси 12-тур учрашувлари якунланди. Бу турда кутилмаган тарзда “Ливерпуль” ўз майдонида “Ноттингем Форест”га йирик ҳисобда ютқазди. Пеп Гвардиола шогирдлари ҳам бу турда мағлубиятга учради. Турнир жадвали пешқадами “Арсенал” эса Лондон дербисида ўз ҳамшаҳари “Тотенхэм” устидан ишончли ғалабага эришди.
“Бёрнли” 0:2 “Челси”
Бу учрашувда “Челси” бутун ўйин давомида тўпни назорат қилиб, рақибни босим остида ушлади. Меҳмонларнинг қанотлар орқали ташкил этилган тезкор ҳужумлар самара берди ва жамоа сафарда 3 очкони қўлга киритди. “Бёрнли” ҳимояси босимга бардош бера олмади ва ҳужумда кучсиз кўринди.
“Борнмут” 2:2 “Вест Хэм”
“Вест Хэм” ўйинда дастлабки икки голни киритиб ҳисобда олдинда бораётган эди, аммо “Борнмут” иккинчи бўлимда қайтиш руҳи билан ҳисобни тенглаштирди. Иккала жамоа ҳам қарши ҳужумларда хавфли вазиятлар яратди. Натижада иккала жамоа ҳам 1 очкодан бўлишиб олди.
“Брайтон” 2:1 “Брентфорд”
“Брентфорд” учрашувда дастлаб ҳисобни очди, аммо “Брайтон” тактик ўзгаришлардан сўнг ўйинга қайтишни уддасидан чиқди. Мезбонлар иккинчи бўлимда икки бор рақиб дарвозасини ишғол этди ва ғалабани расмийлаштирди.
“Фулхэм” 1:0 “Сандерленд”
“Фулхэм” ўйинни тўлиқ назоратда ушлаб турди ва кўплаб ҳужумлар уюштирди. Рауль Хименеснинг 84-дақиқадаги голи жамоага муҳим уч очко олиб келди. “Сандерленд” эса асосан қарши ҳужумларда ҳаракат қилди, аммо жамоага аниқлик етишмади.
“Ливерпуль” 0:3 “Ноттингем Форест”
“Ноттингем Форест” Энфилдда интизомли ва мукаммал тактикага эга ўйин намойиш этди. “Ливерпуль” ҳимоясида кўп хатоларга йўл қўйди ва ўтказиб юборилган голлар жамоага руҳий жиҳатдан таъсир кўрсатди. Шу сабабли ҳам мезбонлар ҳужумлардан унумли фойдалана олмади. Натижада мерсисайдликлар турнир жадвалида юқори 10 ликдан пастга тушиб кетди.
“Вулверхэмптон” 0:2 “Кристал Палас”
“Кристал Палас” ўйинни эҳтиётлик билан бошлади. Иккинчи бўлимда жамоа тезкор қарши ҳужумларда икки гол урди. “Вулверхэмптон” янги бош мураббий қўл остида барқарор ўйин кўрсата олмади. Мезбонларга ҳужумда яратувчанлик етишмади.
“Ньюкасл” 2:1 “Манчестер Сити”
“Ньюкасл” аниқ режа билан майдонга тушди ва босим ҳамда тез ҳужумлар орқали ғалабани қўлга киритди. “Манчестер Сити” тўпни кўпроқ назорат қилди, аммо якуний зарбалар самарасиз якунланди. Бу ғалаба “Ньюкасл” учун стратегик жиҳатдан катта ютуқ бўлди.
“Лидс” 1:2 “Астон Вилла”
“Астон Вилла” интизомли ва самарали ўйини билан меҳмонда ғалабани қўлга киритди. “Лидс” ўйин давомида кўп ҳужумлар ташкил қилди, аммо ҳал қилувчи пас ва зарбаларда аниқлик етишмади. “Астон Вилла” бу ғалаба билан жадвалда кучли 5 таликка кириб олди.
“Арсенал” 4:1 “Тоттенхэм”
Турнир жадвали етакчиси “Арсенал” дербини юқори темп ва жадал пресс билан бошлади, катта устунликка эга бўлди. “Тоттенхэм” ҳимоясидаги бўшлиқлар мезбонлар учун қўл келди ва жамоа ишончли ғалабани қўлга киритди.
“Манчестер Юнайтед” – “Эвертон”
Ушбу учрашув бугун, 24 ноябрь куни тунда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Маълумот учун, ҳозирда якунига етган тур учрашувларидан сўнг “Арсенал” 29 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Лондоннинг яна бир жамоаси “Челси” 23 очко билан 2-ўринга кўтарилиб олди. “Манчестер Cити” мағлубиятга қарамай 22 очко билан кучлик учликда бормоқда. АПЛда навбатдаги тур учрашувлари жорий йилнинг 29 ноябрь куни старт олади.