АПЛ 14-турида қандай натижалар қайд этилди?
Спорт
−
04 Декабрь 1249 3 дақиқа
Кеча, 3 декабрь куни Англия Премьер-лигасининг 14-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Бу тур доирасида пешқадам “Арсенал” ўз майдонида “Брентфорд” мағлубиятга учратди. Пеп Гвардиола шогирдлари сафарда “Фулхэм” дан 3 очко олган ҳолда қайтган бўлса, Лондоннинг “Челси” жамоаси кутилмаганда “Лидс” имкониятни қўлдан бой берди.
“Борнмут” 0:1 “Эвертон”
“Ньюкасл”га учралган мағлубиятдан кейин “Эвертон” бу турда меҳмонда муҳим уч очкони қўлга киритди. Ўйин кўпроқ яккакурашларга бой бўлди, якунда меҳмонларнинг ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилди.
“Фулхэм” 4:5 “Манчестер Сити”
Турдаги энг голларга бой ўйин ушбу баҳс бўлди. Мухлислар 9 та гол гувоҳи бўлди. “Шаҳарликлар” ушбу баҳсда битта тўп фарқи билан ғалаба қозонди. Ҳоланд, Фоден ва Рейндерснинг голлари жамоага ғалаба олиб келди.
“Ньюкасл” 2:2 “Тоттенхэм”
Турнинг марказий учрашувларидан бирида “жанговар” дурранг қайд этилди. Ҳар икки жамоа ҳам ўз имкониятларидан унумли фойдаланди. Учрашувга қўшиб берилган дақиқаларда “Тоттенхэм”нинг ҳимоячиси Серхио Ромеронинг голи сабаб лондонликлар якунда 1 очко ишлаб олди.
“Арсенал” 2:0 “Брентфорд”
Турда пешқадам “Арсенал” ўз майдонида ишончли ғалаба эришди. Тўлиқ устунлик, тўп назорати ва босим натижасида ишончли 3 очко олди.
“Брайтон” 1:4 “Астон Вилла”
Ўйинда дастлаб “Брайтон” ҳисобни биринчи бўлиб очди, аммо “Астон Вилла” бунга жавобан кетма-кет 4 та гол урди ва йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди.
“Бёрнли” 0:1 “Кристал Пэлас”
Бу учрашув жуда эҳтиёткор тарзда бошлади. Ҳар икки жамоа ҳам ёпиқ ўйин намойиш этди, бироқ “Кристал Пэлас” биринчи бўлим якунида киритган голи эвазига минимал ҳисобда ғалаба қозонди.
“Вулверхэмптон” 0:1 “Ноттингем Форест”
Бу учрашувда ҳам биргина гол учрашув тақдирини ҳал қилди. “Ноттингем Форест” Игор Жезуснинг голи эвазига меҳмонда қимматли ғалаба қозонди.
“Лидс” 3:1 “Челси”
Турдаги энг кутилмаган натижа ушбу ўйинда содир бўлди. Бир киши кам бўлиб “Арсенал” га ютқазмаган “Челси” сафарда “Лидс” тўсиғидан ўта олмади. Лондонликлар ҳимоядаги хатолар эвазига қимматли очколардан мосуво бўлди.
“Ливерпуль” 1:1 “Сандерленд”
“Ливерпуль” бу турда яна очко йўқотди. Мерсисайдликлар ўз майдонида “Сандерленд” билан дурранг ўйнади. Бу натижадан сўнг “Ливерпуль” турнир жадвалида 8-ўринга тушиб кетди.
”Манчестер Юнайтед” – “Вест Хэм Юнайтед”
Ушбу ўйин бугун, 4 декабрь куни тунда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Маълумот учун, якунига етган тур учрашувларидан сўнг Лондоннинг “Арсенал” жамоаси 33 жамғарган ҳолда, турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. “Манчестер Cити” турдаги ғалабаси эвазига 28 билан 2-ўринга кўтарилиб олди. “Астон Вилла” эса 27 очко билан 3-ўринни банд этган. Навбатдаги тур учрашувлари жорий йилнинг 6 декабрь куни бошланади.