АОКА “UzAutoMotors” талаби бўйича ўтказилган текширув натижаларини эълон қилди
Жамият
−
23 Октябрь 2020
18434Хабарингиз бор “UzAutoMotors” АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасини икки ўртада давом этаётган суд иши бўйича ОАВга босим ўтказишда айблаганди.
Шундан сўнг, АОКА “UzAutoMotors”нинг айблови бўйича текширув бошлади.
Бугун, 23 октябрь куни АОКА Матбуот хизматининг маълум қилишича, агентлик “UzAuto Motors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қатор ОАВга босим ўтказилгани қайд этилган расмий баёнотидаги вазиятни ўрганиб чиққан.
“Ушбу масалани ўрганиш натижасида “UzAuto Motors” АЖ тақдим этган маълумот ўз тасдиғини топмади. Агентлик томонидан 15 та етакчи электрон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ўртасида сўров ўтказилиб, мазкур суд ишини ёритишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмагани қайд этилди”, дейилади хабарда.
Масала юзасидан АОКА томонидан “UzAuto Motors” АЖга асоссиз маълумотни тарқатмаслик ва бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тегишли огоҳлантириш киритилиши маълум қилинган.
“Агентлик яна бир бор асоссиз, ёлғон маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтади, юридик ва жисмоний шахслар ҳамда ОАВга тарқатилаётан маълумотларнинг асослилигини текширишни тавсия қилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 октябрь куни, Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь