Антибиотикларни рецептсиз сотиш қонун билан тақиқланади — ССВ
Жамият
−
28 Июль 2021
5610Ўзбекистон қонунчилигига кўра, антибиотикларни шифокор рецептисиз беморларга бериш тақиқланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Иброҳимова қонунчиликда бу борада нималар дейилганини эслатди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, қонунчиликка кўра, антибиотикларни шифокор рецептисиз бериш тақиқланади. Жумладан, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, дори воситаларини рецепт билан (антибиотиклар шулар жумласидан) дорихоналардан чакана реализация қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қоидаларга асосан амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, бу каби дори препаратларини дорихоналарда сотиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги рецептлар бўйича ёки тасдиқланган Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатига кўра рецептсиз амалга оширилади. Қолаверса, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги тегишли Қарорига кўра, тиббиёт ташкилотларида мулкчилик ва идоравий мансублигидан қатъи назар, беморга рецептсиз рецепт бўйича бериладиган дори воситаларни буюриш тақиқланади.
Муҳаббат Иброҳимова дорихона ходими рецепт билан бериладиган дори воситасини рецептсиз сотганлиги учун қонуний жавобгарлик белгиланганини ҳам эслатган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1651-моддаси (дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 1863-моддасига (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) кўра, бундай шахслар тегишли жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 майдаги 284-сонли қарорига асосан ушбу қонунбузарликни дорихона мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) амалга оширса, бу ҳолат лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.
Кейинги пайтларда кўпчилик одамлар ўпка яллиғланиши жараёнларида, тана ҳарорати кўтарилганда ва бошқа касалликларда билиб-билмай, антибиотиклардан фойдаланишни одатга айлантирди. Айниқса, бугун коронавирусга чалинган фуқаролар орасида ўзбошимчалик билан антибиотик ва гормон олиш ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда. Аммо бу нотўғри.
“Антибиотиклар тиббиётда энг кўп тайинланувчи ва унинг қарийб барча соҳаларида қўлланилувчи дори воситаси саналади. Бироқ улардан нотўғри фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин”, дейди Муҳаббат Иброҳимова.
Мутахассис баъзи беморлар ушбу дори воситасидан вирусли касалликлар, хусусан, COVID-19 инфекциясини даволашда ўзбошимчалик билан фойдаланаётгани, уларнинг аҳволини янада оғирлаштириб, айрим ҳолларда ўлимга ҳам сабаб бўлаётганини қайд этган.