Андижондаги портлаш асоратлари: икки ўқувчи операция қилинди

Жамият

image

Кеча, 26 февраль куни соат 10:26 да Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги “Иссиқлик манбаи” АЖга қарашли иситиш қозонининг портлаши юз бергани ҳақида хабар қилган эдик. 

Фавқулодда ҳолат оқибатида поликлиникада тиббий кўрикдан ўтаётган шаҳардаги 4-умумтаълим мактабининг 18 нафар 9-Г синф ўқувчилари турли даражада енгил жароҳат олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматология қабулхонасига олиб келинган.

“Халқ сўзи” нашри мухбири воқеа содир бўлган жойга бориб, портлаш оқибатлари билан танишди. 

“Бўлимимиз марказий поликлиниканинг орқа томонида жойлашган. Кириш фақат бир томонлама. Хонамда ўтирганимда гумбурлаган овоз эшитилди. Ташқарига чиққанимда ойналар синган экан, тиббий кўрикдан ўтаётган болалар чўчиб кетганини кўрдим. Ҳамкасбларим билан уларга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Жароҳат олганларни, барча беморларни шошилинч тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалига юбордик”, дейди поликлиника фтизиатрия бўлими мудири Дилшодбек Халилов.

Мазкур ҳолат юзасидан содир бўлган вазиятнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимияти, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ҳамда “Ўзтрансгаз” мутахассислари таркибидан иборат комиссия тузилган эди. 

“Дугоналарим билан ичкарида навбатда турган эдик. Шифокорлар шовқин қилмаслигимизни илтимос қилишганидан сўнг ташқарига чиқдик. Шунда қозонхонадан тутун чиқаётгандек бўлди. Эътибор бермадик. Пиллапоядан тушганимиздан 2-3 дақиқа кейин бирданига портлаш юз берди. Қўрқиб кетдик. Бир-икки жойимиз шилинди. Ҳозир аҳволимиз яхши”, деб воқеани сўзлаб берган ўқувчи Руқия Абдуҳалимова. 

“Ташқарида тургандик. Бирдан гумбурлаган овоз эшитилиб, ҳаммаёқ тутунга тўлиб кетди. Орқамдан шиша синиқлари учиб келгандек бўлди. Қўлимга шикаст етди”, дейди ўқувчи Нурилло Абдуманнопов. 

Хизмат кўрсатаётган шифокорларнинг ҳолати ҳам яхши. Бундан ташқари, поликлиникада бўлган яна 10 нафар мурожаат қилганларга қабулхонада амбулатор-психологик ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда тегишли ташкилотлар томонидан текширув, суриштирув ишлари давом этмоқда.

“Бугун соат 11:00 лар чамасида марказимизга марказий поликлиникада юз берган ҳодиса натижасида 18 нафар бемор олиб келинган. Беморларнинг уч нафари ўрта даражада тан жароҳати олган. Улар нейрореанимация бўлимига ётқизилган. Бири оёқ, иккинчиси елка қисмида жароҳати борлиги учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Қолган 14 нафарининг тан жароҳати енгил, аксарият болалар қўрқиб кетган. Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги пайтда нейротравматология бўлимига ётқизилган. Беморларнинг барчаси шифокорларнинг доимий назоратида, белгиланган тартибда муолажалар қилинмоқда”, дейди Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали бош врачи Азизбек Мамадиев.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Портлаш Андижон

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг