Андижондаги автомобилларга газ қуйиш шохобчалари соат 16:00 дан кейин ишламайдиган бўлди

Жамият 4904
image

Андижонда бугун, 27 октябрдан эътиборан вилоят ҳудудидаги жами 81 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари (газ-заправкалар)га табиий газни етказиб бериш соат 16:00 дан кейин тўхтатилади. Газ етказиб бериш соат 06:00 дан кеч соат 16: 00 га қадар амалга оширилади. Бу ҳақда “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали матбуот хизмати маълум қилди. 

Хабарда айтилишича, қиш мавсумида табиий газни етказиб беришда технологик режим жараёнларидаги газ билан боғлиқ ишлар бажарилиши муносабати билан, вилоятга келувчи табиий газ босимида пасайиш кузатилмоқда. Шу боис етказиб берилган табиий газ тақсимотига кўра, табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилади. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоятдаги мавжуд автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига табиий газни етказиб бериш жорий йилнинг 27 октябридан ҳар кунлик эрталаб соат 06:00дан кеч соат 16:00га қадар белгиланган. 

“Вилоятимиздаги барча ҳайдовчилардан ўз автоуловларига газ тўлдиришда ҳар кунлик белгиланган 06:00 – 16:00 вақт оралиғида газ тўлдириш ишларини техника хавфсизлиги қоидалари асосида амалга оширишларини сўраймиз”, дейилади хабарда.

Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 81 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари автомобилларга мазкур вақт оралиғида ёқилғи етказиб бериш қувватига эга эканлиги таъкидланган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 189
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×