Андижонда ўқитувчиларга чиқиндиларни ташитган директор жазоланди (видео)
3-саҳифа
−
14 Август
4273Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқитувчи-педагоглари мажбурий меҳнатга жалб қилингани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, видеодаги ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилган. Мактаб директори ўз кўрсатмасида, таълим муассасасида қурилиш ишлари олиб борилгани, шу сабабли қурилишдан чиққан чиқиндиларни тозалаш ишларига 30 га яқин ўқитувчи-педагог ва техник ходимларни мажбуран жалб қилгани, ходимлар иш ставкалари ва дарс соатлари қисқариб кетишидан хавотир олиб ушбу ишларни кўрсатмаси асосида бажарганини қайд этган.
Ўрганиш давомида директорнинг Меҳнат кодексининг 25-моддаси (Иш берувчининг мажбуриятлари) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори талабларини бузгани аниқланган.
Мактаб директорига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (34 млн сўм) миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Маълумот учун, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, ️ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Поп тумани 43-мактаб директори мактабда таътил бўлишига қарамай, педагогларни таълим масканига чақириб, соат 16:00 гача ўзларига тегишли бўлмаган вазифаларни бажаришга, яъни мактаб ҳудудидаги ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилганди. Ушбу директор ҳам жаримага тортилганди.
LiveБарчаси