Андижонда “права”сиз ҳайдовчи “ГАИ”дан қочиб, ЙТҲга учради
3-саҳифа
−
28 Май 2025 6080 2 дақиқа
Жорий йилнинг 26 май куни Андижон вилоятининг Андижон туманида Nexia-2 ҳайдовчиси йўл-патруль хизмати ходимларидан қочишга уриниб, 2 та автомобиль билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат 26 май куни соат 14:00 да Андижон тумани Янги Асака йўли ҳудудида содир бўлган. Ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан Nexia-2’га ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхташ ишораси берилган.
Ҳайдовчи – 2005 йилда туғилган фуқаро инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан машинани Асака тумани ҳудуди томон ҳайдаб кетган. Шунингдек, ҳайдовчи “Кўркам” МФЙ ҳудудида хизмат олиб бораётган бир нечта ЖТСБ ҳамда ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатланиб кетаётган вақтида ички кўчадан асосий йўлга кескин чиқиб юбориши оқибатида ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Labo ва Captiva билан тўқнашиб кетган.
Шундан сўнг ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган. Ходимлар ушбу транспорт воситасини кузатиб бориб, Асака тумани “Ҳумо” МФЙ ҳудудида тўсиб ушлаган. Ушбу транспорт воситаси ҳамда ҳайдовчининг ёни икки нафар холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ушбу транспорт воситасининг салонида ўткир тиғли жисм (пичоқ) борлиги ҳамда ҳайдовчи тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқаргани аниқланган.
Вилоят ЙҲХБга кўра, содир этилган йўл-транспорт ҳодисасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ, транспорт воситалари техник шикастланган. Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси (маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддатлари) тартибида туман ИИБнинг вақтинчалик ушлаб туриш ҳибсхонасига жойлаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Оқдарё туманида Cobalt русумли машина ҳайдовчиси йўл-патруль хизмати ходимининг талабларига бўйсунмай, уни машина эшигида судраб кетганди.
Live
Барчаси