Андижонда педагогларни дўппослаганларга нисбатан жиноят иши очилди
Жамият
−
08 Октябрь 2019
3126Аввалроқ, Андижондаги 5-мактаб педагоглари шу таълим муассасасида ишловчи аёлнинг турмуш ўртоғи ва унинг танишлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди ва жиноят иши очилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 8 октябрь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро У.Т. ва унинг 2 нафар шерикларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозрда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Андижон шаҳридаги 50-умумий ўрта таълим мактабида педагоглар калтакланди. Мактабда соат 13:20 да маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Ў. ҳамда Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А. томонидан кийиниш маданиятига риоя қилмаган ва дарсга кеч қолган математика фани ўқитувчиси Д.Ю.га оғзаки огоҳлантириш берилганда улар ўртасида тортишув келиб чиққан. Тортишув натижасида Д.Ю. уларга турмуш ўртоғи билан таҳдид қилган.
Соат 13:35 ларда Д.Ю. турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти билан мактабга бостириб кириб, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ш.Ў. ҳамда Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Ғ.А.ларни мактаб кириш қисмида темир таёқ билан дўппослаган.
Шу пайтда уларни ажратган ўқитувчиларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларни ҳам дўппослашга уринган. Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан шошилинч тез тиббий ёрдамга ҳамда ҳудудий профилактика инспекторларига хабар берилган. Соат 14:00да профилактика инспекторлари воқеа жойига етиб келган, лекин Д.Ю.нинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг дўсти ҳодиса содир этилган жойдан кетиб бўлган.
Жабр кўрганлар шошилинч тез тиббий ёрдам навбатчи шифокорлари томонидан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалига олиб кетилди. Шифокорлар хулосасига кўра Ш.Ў. мия чайқалиши, бурун синиш, юзининг ўнг қисмининг кўзи атрофи ҳамда оёқларининг тизза қисми қаттиқ зарбада жароҳатлангани, Ғ.А.нинг мия чайқалиши, бурун ва икки тиши синиши, бадани ҳамда чап қўлини зарбадан қаттиқ жароҳатлангани аниқланган.
LiveБарчаси