Андижонда амалдор хизмат хонасида наркотик истеъмол қилдими?
3-саҳифа
−
09 Апрель 14496 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари хизмат хонасида гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилаётгани экс этган сурат тарқалди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси муносабат билдирди.
“Мазкур ҳолат ИИБ органлари томонидан назоратга олинган ва ҳозирда тасдиқланмаган. Айни вақтда тегишли тартибда суриштирувлар олиб борилмоқда. Ушбу ҳолат бўйича якуний маълумот эълон қилинади”, дейилади бошқарма муносабатида.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Натижада фотосуратдаги фуқародан 0,69 грамм гашиш моддаси мусодара қилинган. Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, модда гиёҳвандлик моддаси деб топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиш, ташиш ёки жўнатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бироқ Шоҳрух Ғиёсов шахсга оид ахборотни очиқлаш қонун билан тақиқланганини, шунингдек, айбсизлик презумпциясига риоя қилиш зарурлигини айтди.
Live
Барчаси