Ички ишлар ходими томошабин. Андижонда 3 киши 2 одамни ўласи қилиб дўппослади (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Асака туманида бир гуруҳ шахслар жанжаллашаётгани ва унда икки эркакнинг жиддий жароҳат олгани, дўппослаётган шахслар атрофдагиларнинг қаршилиги ва насиҳат қилишига қарамай, ерда хушсиз ётган жабрланувчиларни қайта ва қайта ураётгани, тепаётгани ва ушбу хатти-ҳаракатини видеога олаётгани акс этган тасвирлар тарқалди. Айни шу ҳолат содир бўлаётган вақтда эса атрофда Ички ишлар ходими формасидаги шахс ҳам бўлгани видеода акс этган, бироқ ушбу шахс зўравонларга қаршилик кўрсатмаган. 

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди. Унда айтилишича, ушбу воқеа жорий йилнинг 8 июнь куни содир бўлган. Вилоятнинг Асака туманида яшовчи 2001 йилда туғилган Х.Ж. тонгги соат 4:30 ларда Асака тумани Қадрият маҳалласи ҳудудида фуқароларнинг тинчини бузиб, шериклари – 2003 йилда туғилган С.М. ва 2002 йилда туғилган О.М. билан бирга 2004 йилда туғилган Х.Д.ни ўзаро келишмовчилик ортидан уриб дўппослаб, унга енгил тан жароҳати, 1997 йилда туғилган фуқаро Р.Б.га эса ўртача оғир тан жароҳати етказган. 

Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида фуқаролар Х.Ж, С.М. ва О.М.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчиларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, жорий йилнинг 8 июль куни айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди томонидан кеча, 27 август куни судланувчилар Х.Ж, С.М. ва О.М.ларнинг ҳар бирига нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бироқ, вилоят Ички ишлар бошқармаси зўравонлик содир этилаётган вақтда Ички ишлар ходими нима учун қўл қовуштириб тургани, нега қаршилик кўрсатмагани ва унга бу бепарволиги учун қандай чора кўрилганига аниқлик киритмаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида тадбиркорларни уриб, қўрқитиб, улардан пул талаб қилиб келган шахслар қўлга олинган эди. Ҳолат юзасидан Пайариқ тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 112-(Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 276-(Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) ҳамда 277-(Безорилик) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон Асака Безорилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг