Андижонда 11 йил олдин бировнинг уйига қурол билан кирган шахс ушланди
3-саҳифа
−
19 Февраль
8085Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан Андижон вилоятида олиб борилган “Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирларида жиноят содир этган шахслар ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Жумладан, бундан қарийб 11 йил аввал босқинчилик жиноятини содир этган шахсларнинг қилмиши фош этилди. Шаҳрихон туманининг Байроқ маҳалласида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадонига 2014 йил 21 май куни тунда ниқобли икки шахс пичоқ ва ов қуроли билан кириб, хонадон эгаси ҳамда унинг оиласига ҳужум қилган. Номаълум шахслар пул талаб қилиб, агарда ҳолат юзасидан мурожаат қилган тақдирда ўлдириб кетиш билан қўрқитган. Уй эгасининг Nokia русумли телефон аппаратини синдириб, номаълум томонга яширинган. 11 йилдан сўнг ушбу жиноятни 1990 ва 1993 йилда туғилган икки шахс содир этгани аниқланиб, улардан бири қўлга олинди. Унинг жиноий шеригига нисбатан эса қидирув олиб борилмоқда. Шунингдек, далилий ашё сифатида босқинчилик жиноятини содир этишда фойдаланилган бир дона 16 калибрли икки стволли ов милтиғи ҳам олинди.
Хўжаобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса 1984 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Lacetti автомашинаси тўхтатиб, текширилди. Автомашинада жами 2 килограмм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Шунингдек, вилоятда олиб борилган тезкор-техник тадбирларда ноқонуний майнинг ферма ташкил этган шахс аниқланди. Унинг хонадонидаги майнинг қурилмалари ва совитиш омбори туман электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузмасдан, ноқонуний равишда тармоққа уланиб, фаолият юритиб келган. Бунинг оқибатида дастлабки маълумотларга кўра, давлат манфаатларига 1,2 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.
Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирининг фармойиши асосида жорий йилнинг 16 февраль куни Фарғона вилоятида олиб борилган “Тозалаш” комплекс тезкор профилактик тадбирларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келган шахслар фаолиятига чек қўйилганди.
LiveБарчаси