Андижонда 1 га ерни коттеж қуриш учун расмийлаштириш эвазига 230 минг доллар олган шахс ушланди
3-саҳифа
−
08 Ноябрь
4038Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ҳокимлик ер майдонларини пулламоқчи бўлган фуқаролар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чиноз туманида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати ва унинг опаси ўзаро тил бириктириб, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкумга тегишли фермер хўжаликка балиқчилик билан шуғулланиш учун 2016 йилда Чиноз тумани ҳокимининг қарорига мувофиқ 49 йил муддатга ижарага берилган 9,72 гектар ер майдонини сохта ҳужжатлар асосида давлат идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб берган. Ва эвазига 35 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланган.
Навбатдаги ҳолатда, Андижон шаҳридаги улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг муқаддам бир неча маротаба судланган раҳбари 1985 йилда туғилган якка тартибдаги тадбиркор билан тил бириктириб, ўзига Асака тумани ҳокимининг 2020 йилдаги қарорига асосан иссиқхона иншоотлари қуриш мақсадида ажратилган 1 гектар ер майдонининг тоифасини мансабдор танишлари орқали ўзгартириб, у ерда 30 та коттеж типидаги уй-жойлар қуриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига харидордан 230 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пул маблағидан 30 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланган.
Сурхондарё вилояти бўйича бошқарма ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Жарқўрғон туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари 2015 йилда туман ҳокимининг қарори билан чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида 49 йил муддатга ижарага берилган ер майдонининг 11 гектар қисмини кадастр идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 430 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 23 600 АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Хоразм вилояти бўйича бошқарма ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса Урганч шаҳрида яшовчи 1969 ва 1980 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро Урганч тумани ҳокимлиги захирасидаги 5 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қурмоқчи бўлган тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 350 млн сўм талаб қилиб, олдиндан 300 млн сўм олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси