Андижон аэропорти мунтазам рейсларни тиклади
Жамият
−
20 Март
2796Андижон аэропортида реконструкциянинг биринчи босқичи якунланиб, мунтазам рейслар қайта тикланди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 20 март куни Андижон халқаро аэропорти биринчи US601 йўловчи рейсини қабул қилган. Бортида 63 йўловчи бўлган самолёт Тошкент вақти билан соат 12:13 да қўнган. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан, йўловчилар эса карнай ва сурнай садолари остида кутиб олинган.
Маълумот учун, Андижон аэропорти аэродром мажмуасини тўлиқ реконструкция ва модернизация қилиш муносабати билан 2023 йил 1 апрель куни ёпилган. Аэродром қопламасининг элементлари – узунлиги 2985 метр ва кенглиги 44 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва перрони узоқ хизмат муддати ва паст юк кўтариш қобилияти туфайли реконструкция қилиниши талаб этилган ва кўплаб турдаги самолётларни қабул қилишда, шунингдек, замонавий ёритиш тизимининг йўқлиги сабабли тунги вақтда рейсларни қабул қилишда чекловлар мавжуд бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни аэропортда реконструкциянинг биринчи босқичи якунланиб, унинг доирасида аэродром мажмуасининг салмоқли қисми, жумладан, узунлиги 3300 метр ва эни 60 метр бўлган 4E тоифадаги янги учиш-қўниш йўлаги, битта юриш йўлаги ва 3 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилиши якунланганди.