Амстердамдаги яҳудийлар мактабида портлаш содир бўлди
Олам
−
13:05 4542 1 дақиқа
Бугун, 14 март куни эрта тонгда Нидерландия пойтахти Амстердамдаги яҳудийлар мактабида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Портлаш шаҳарнинг жанубий қисмидаги тураржой ҳудудида жойлашган мактаб биносида юз берган. Расмийларга кўра, ҳодиса натижасида бино қисман зарар кўрган. Воқеа жойига полиция ва ўт ўчирувчилар тезда етиб келган.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Амстердамдаги яҳудийлар ибодатхонаси ва муассасаларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Бунга жума куни Роттердам марказидаги ибодатхонада содир бўлган ўт қўйиш ҳодисаси сабаб бўлгани айтилмоқда.
Шунингдек, Бельгиянинг Леж шаҳрида ҳам душанба куни яҳудийлар ибодатхонасида портлаш юз бериб, ёнғин чиққан.
Амстердам мери Фемке Халсема бундай ҳодисаларни “яҳудийлар жамоасига қарши қўрқоқларча тажовуз” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда шаҳарда антисемитизм ҳолатлари кўпаймоқда.
Мутахассислар АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари ҳамда Теҳроннинг жавоб чораларидан кейин дунёнинг турли жойларида яҳудийлар жамоасига қарши эҳтимолий ҳужумлар бўйича хавотирлар кучайганини қайд этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида кафе портлаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси