Амир Темур қонхўр босқинчими? Темуршунос олим жавоб берди.

Интервью

Куни кеча хорижий видеоблогерлар томонидан “Индиана Жонс Ўзбекистонда” номи билан суратга олинган қисқаметражли фильм ўзбек интернет сегментида жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Видеонинг кириш қисмида нафақат Марказий Осиё, балки дунё тарихидаги муҳим шахслардан бири, Темурийлар давлатининг асосчиси Соҳибқирон Амир Темур қонхўр-босқинчи сифатида тасвирланган. Бу эса жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда. 

Хўш, Амир Темур ким эди? Нега тарихий манбаларда унинг шахси бузиб кўрсатилади? У ҳақиқатан ҳам қонхўр босқинчи бўлганми ёки жаҳолат устидан қилич тортган адолат ҳимоячисими? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ Тарих фанлари номзоди, Амир Темур музейи директори Хуршид Файзиевга юзланди. 

Сардор Али Нурматов, мухбир: — Хорижий видеоблогерлар томонидан “Индиана Жонс Ўзбекистонда” номли қисқа метражли фильмнинг кириш қисмида Соҳибқирон Амир Темурни қонхўр босқинчи сифатида кўрсатилган. Бунга сиз қандай муносабат билдирасиз? Ҳақиқатан ҳам Амир Темур қонхўр босқинчими? 

Хуршид Файзиев, тарих фанлари номзоди, Амир Темур музейи директори: — Соҳибқирон Амир Темур ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, ўша даврда ёзилган тарихий манбаларга мурожаат қилиш керак. Мисол учун Низомиддин Шомий ва Шарофиддин али-Яздийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темурнинг шахсияти ва ҳарбий фаолияти батафсил ёритилган. “Зафарнома” асарининг кириш қисмида Соҳибқирон Чингизхон билан солиштирилиб, Амир Темур қилган бунёдкорлик ишлари ўрнак қилиб кўрсатилган. Шунинг билан бирга, европалик олим Ҳерман Вамбери ўзининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида, Амир Темурни Чингизхон билан солиштиради ва Соҳибқиронни ҳақиқий бунёдкор ҳукмдор эканлигини таъкидлайди.

Амир Темур темурийлар ренессанси даврининг асосчиси ҳисобланади. Буни нафақат биз, балки бутун дунё тан олган. 1996 йилда  ЮНЕСКО ҳомийлигида Соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи бўлди. Бугун бутун дунё олимлари Амир Темур илм-маърифат ҳомийси бўлганини тан олади. 

Соҳибқирон биргина ўз юртида эмас, қўшни мамлакатларда ҳам бунёдкорлик ишларини амалга оширган. Мисол учун Озарбайжонда Байлахон шаҳрини барпо қилди, Барлос каналини қаздирди. 1392 йилда набираси Абу Бакрга фармон йўллаб, Бағдод шаҳрини бир йил ичида қайта тиклашни буюради. Мана шундай ишлар салтанатнинг бошқа ерларида ҳам амалга оширилган. Шу нуқтайи назардан биз Амир Темурни илм-фан, маданият ҳомийси сифатида кўришимиз мумкин.

Албатта, Соҳибқирон жуда катта империяни ташкил қилди. Бу салтанатни кўнгилчанлик билан бошқариб бўлмас эди. Биз Амир Темурга бугунги кун кўзи билан баҳо беришимиз керак эмас. Баъзи бир ҳолатларда сиёсат қилишга тўғри келади. Тузлукка амал қилинмаса, жуда катта фожиалар келиб чиқиши мумкин эди. Ибн Арабшоҳ ўзининг “Тақдир ажойиб отлари” номли асарида “Амир Темур саидлар ва олимларни ҳар қандай одамдан юқори қўяр, ҳар иш қилганида шуларнинг маслаҳати билан қилар эди”, деган фактларни келтирган.

Маълумот учун, Туризм ва спорт вазирлиги Индиана Жонс иштирокида Ўзбекистонда тасвирга олинган ва Амир Темур шахси қоралаб кўрсатилган видеоролик юзасидан муносабат билдирди. Идора аввало бу видео Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан суратга олинганмаганини таъкидлади.

Ташкилотга кўра, томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун нафақат Марказий Осиё, балки дунё тарихидаги муҳим шахслардан бири “бадиий тўқима” билан қонхўрга чиқарилган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

317

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг