Амир Темур ҳақида китоб ёзган журналист президентликка номзодини қўймоқчи

Олам

image

Миллий бирлик партияси собиқ раиси, ёзувчи-публицист, “Olaylar” газетаси ва шу номдаги агентлик бош муҳаррири Юнус Ўғуз Озарбайжонда навбатдан ташқари президентлик сайловларида ўз номзодини қўйишини маълум қилган. Бу ҳақда Озарбайжон маҳаллий нашрлари хабар берди.

Ёзувчи яқин кунларда ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига расман топширишини айтган.

"Бу шарафли миссия - тарихий ғалабамиздан кейин биринчи марта мустақил, суверен Озарбайжонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш. Мен радикал мухолифатнинг сайловларни бойкот қилиш қарорини қоралайман. Чунки бу галги Президент сайлови нафақат ички масала, балки халқаро аҳамиятга молик воқеадир. Президент сайловида иштирок этиш учун шаффоф ва демократик муҳит яратилганига ишонаман. Шунингдек, Ватан урушидан кейин бизнинг олдимизда озод қилинган ҳудудларда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, “Буюк қайтиш” давлат дастурини амалга ошириш, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ижтимоий фаровонлигини янада юксалтириш каби муҳим вазифалар турибди. Президент сайловига ўз номзодимни илгари суришдан мақсадим – ҳал қилиниши керак бўлган муҳим масалаларнинг рўёбга чиқишига ўз ҳиссамни қўшишдир. Давлатимизнинг ўрта ва узоқ муддатли мақсадларида у билан бирга бўлиш шараф ва фуқаролик бурчимиздир. Бу халқимиз ва давлатимиз учун хайрли ва баракали бўлсин!”, деган Ўғуз.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари 2024 йил 7 февралда бўлиб ўтади.

15 декабрь куни ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси (YAP) амалдаги давлат раҳбари Илҳом Алиевни президентликка номзодини илгари сурди. Бу билан сайловда иштирок этадиганлар сони саккизтага етган.

Озарбайжонда охирги марта президентлик сайловлари 2018 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган эди. Уларнинг натижаларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Илҳом Алиев 86,2 фоиз, мустақил номзод, депутат Зоҳид Ўруж 3,11 фоиз, “Бутун Озарбайжон Халқ фронти” раиси, депутат Гудрат Ҳасангулиев 3,05 фоиз овоз олган. Унда Алиевга 3,192 миллион киши овоз берган. 

2016 йил сентябрь ойида республикада Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум бўлиб ўтди, унга жами 29 та ўзгартириш киритилди, жумладан, президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача ошириш, яъни навбатдаги сайловлар Озарбайжонда 2025 йилда ўтказилиши керак эди.

Маълумот учун, Юнус Ўғуз 2003 йилги президентлик сайловларида ҳам иштирок этган ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев фойдасига номзодини қайтариб олган эди.

Таъкидлаш жоизки, Юнус Ўғуз ўзбек китобхонларига ҳам аллақачон танилиб улгурган ва унинг “Малика ва жодугар”, “Амир Темур”, “Овчи”, “Султон Алп Арслон”  каби китоблари ўзбек тилига таржима қилинган. Жорий йил ноябрь ойида эса доцент Гулбаҳор Ашурова тарафидан таржима қилинган “Сўқмоқ” романи ўқувчиларга тақдим этилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон президентлик сайлови Юнус Ўғуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг