Америкалик аскар Россияда қамалиши мумкин

Олам

image

Севган қизини кўриш учун Владивостокка учган АҚШ армияси катта сержанти Гордон Блэк ундан 200 минг рубль ўғирлаганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, кеча, 7 май куни “Известия” хабар берди.

Блэк Россия Федерацияси Жиноят кодекси 158-моддаси (катта миқдорда зарар етказган ўғрилик) 2-қисми “в” бандида қайд этилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Бу модда беш йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

“The New York Post” нашрининг ёзишича, ҳарбий хизматчи Владивостокка 31 ёшли Валентина Вашук исмли қизни кўргани борган. Журналистлар Вашук ва Блэкнинг TikTok’да жойлаштирган видеоларига эътибор қаратди. Улардан бирида америкалик аскар НАТО блокини “тажовузкор” деб атаган ва “ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлган Россияни тушунишини” айтган. Бошқа бир видеода у севгилисининг “(Дональд) Трамп яхшироқ” деган сўзларига қўшилган ҳамда ўз мамлакати ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувида АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байденни айблаган. Бир нечта видеоларда қиз Блэкни ҳақорат қилган ва масхара қилган.

Жанубий Кореядаги АҚШ ҳарбий базасида хизмат қилган 34 ёшли Блэк Техасдаги Форт Кавазосга кўчирилган. Бироқ у ерга боришнинг ўрнига, катта сержант Хитойга ўтиб, ундан Владивостокдаги севган қизиникига учиб кетган.

Қиз ўғрилик ҳақидаги ариза билан полицияга мурожаат қилганидан сўнг, у меҳмонхонада ҳибсга олинган. Бу ўғриликни ҳарбий хизматчи унга ташриф буюрганида содир этгани айтилмоқда. Россия Ички ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, Блэк 2 май куни қўлга олинган.

Пентагон воқеа юзасидан ўз текширувини ўтказаётганини билдирди. Вашингтоннинг таъкидлашича, Блэк Владивостокка учиш режалари ҳақида қўмондонликни хабардор қилмаган ва бундай саёҳатга рухсат олмаган. Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Украинадаги уруш ва икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги умумий кескинлик фонида мамлакат фуқароларини Россияга саёҳат қилишдан қатъий чеклаган эди.

Америка расмий манбалари Блэк уйлангани, россиялик севгилиси билан эса Жанубий Кореяда учрашгани ҳақида хабар берди. Бироқ ўтган йилнинг кузида улар ўртасида можаро келиб чиққан, шундан сўнг қиз Россия Федерациясига қайтиб кетган. Россия ИИВ маълумотларига кўра, шундан сўнг улар интернет орқали мулоқот қилишда давом этган. Сержантнинг рафиқаси журналистларга изоҳ беришдан бош тортди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Владивосток Гордон Блэк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг