“Amazon” директорлигидан бўшаган Безоснинг бойлиги 11 млрд долларга кўпайди

Олам

image

“Amazon” асосчиси Жефф Безос компания бош директори лавозимидан кетганидан кейин бир ҳафта ичида унинг бойлиги қарийб 11 миллиард АҚШ долларига кўпайди. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 5 июль куни Amazon Web Services булутли хизматининг собиқ раҳбари Энди Жесси бош директор лавозимини эгаллаганидан бери, “Amazon” акцияларининг ўсиши туфайли Безоснинг бойлиги 10,6 миллиард АҚШ долларга кўпайиб, ҳозирда 212,4 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда. 

Хабарга кўра, “Amazon” акцияларининг ўсишига АҚШ Мудофаа вазирлиги булутли ҳисоблаш хизматини кўрсатиш бўйича 10 миллиард АҚШ долларлик шартномани бекор қилганлиги ҳақидаги хабар сабаб бўлган. Аввалроқ ушбу шартнома Американинг “Microsoft” корпорациясига тақдим этилиши кутилаётганди, аммо “Amazon” вакиллари ушбу қарорга суд орқали қаршилик кўрсатишга уринган. 

Қайд этилишича, Безос бутун ҳафтани Айдаҳо штатидаги “миллиардерлар учун ёзги лагерь” номи билан танилган Allen & Co инвестиция банкининг йиллик конференцияси бўлиб ўтган тоғли курорт ҳудудида ўтказган. Бу сафар тадбир камида 25 миллиардерни бирлаштирди, уларнинг умумий бойлиги 825 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Маълумот ўрнида, интернет орқали товар ва хизматларни сотадиган дунёдаги энг йирик “Amazon” чакана савдо тармоғи 1994 йилда АҚШда Безос томонидан ташкил этилган. Юқорида қайд этилганидек, компания бош директорлигидан кетган Безос айни вақтда “Amazon”нинг директорлар кенгаши ижрочи раиси бўлиб фаолият олиб бормоқда. У, шунингдек, “Bezos Earth Fund” хайрия фонди, “Blue Origin” аэрокосмик компанияси, “The Washington Post” газетаси ва “Amazon Day 1” фондига ўз вақтининг бир қисмини бағишлайди. 

Эслатиб ўтамиз, дунёнинг энг бой одами ҳисобланган Безоснинг июль ойининг охирида 82 ёшли америкалик Уолли Фанк билан космосга учиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг