Журналистлар гапирмасин, эшитсин ёхуд соқовга айланаётган қалам аҳли
Таҳлил
−
03 Май 2023
147483 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни. Бу кунни дунё бўйлаб журналистлар кенг нишонлайди, йирик халқаро таҳлил марказлари эса журналистларнинг эркин фаолияти, мамлакатлардаги сўз эркинлигининг даражасини эълон қилиб келади.
Ўзбекистонда ҳам бу кун кенг нишонланиб, байрам ва тадбирлар бўлиб ўтади. Бироқ ҳар йили мамлакат “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботларда нисбатан қуйи ўринларни банд этиб, сўз эркинлиги “бўғилган” мамлакатлар қаторидан жой олиб келади. Гарчи Ўзбекистон 2019, 2020, 2021 ва 2022 йилларда рейтингда бироз олдинга силжишга муваффақ бўлган бўлсада, барибир сўз эркинлиги “ёмон” дея баҳоланувчи мамлакатлар қаторидан жой олган.
“Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасида олдинда қилинадиган ишлар кўп. Бироқ сўнгги вақтларда мансабдорларнинг журналист ва блогерларга нисбатан бўлаётган салбий муносабати ва ишлари Ўзбекистон обрўсини халқаро даражада пасайтириш, рейтингдаги аҳволни янада ёмонлаштириши мумкин. Хавотирлиси, бу Президент ислоҳотларининг самарадорлиги ҳақида ишонч пасайишига сабаб бўлади”, дейилади “Чегара билмас мухбирлар”нинг 2022 йилги баёнотида.
Айрим ўзбекистонлик журналистлар эса давлат ташкилотларининг оммавий ахборот воситалари учун ёпиқлиги, улардан маълумот олишда қийинчиликка учрашлари ҳақида гапиради.
QALAMPIR.UZ Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида журналистлар олдида кўндаланг турган яна бир муаммо – давлат идораларида ишловчи ходимлар, раҳбарларнинг ОАВ саволларидан қочишга уринишини, бугунги кунда кескин камайиб кетган матбуот анжуманлари мисолида тушунтириб беради.
Матбуот анжумани – бу таниқли шахслар ёки ташкилотлар журналистларни ўзларининг тақдимотларини тинглаш ва саволлар беришга таклиф қиладиган оммавий ахборот воситаларининг тадбиридир.
Брифинг эса – бу бир масалага бағишланган қисқа матбуот анжумани ҳисобланиб, юқорида биз айтган матбуот анжуманидан фарқли ўлароқ, унда таклиф қилинганларнинг, журналистларнинг саволларига жавоб берилмайди.
Брифинглар одатда 10-15 дақиқа давом этса, матбуот анжуманлари бир неча соатларга чўзилиши мумкин. Бунда давлат органлари вакиллари ва журналистлар ўртасидаги баҳс-мунозара, саволлар ва уларга берилажак жавоблар муҳим аҳамият касб этгани боис ОАВ вакиллари учун кўпроқ матбуот анжуманлари афзалдир. Бундай матбуот анжуманлари ҳар бир давлат органи, ташкилот ва идораларнинг ўзида, лекин асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) бўлиб ўтади.
Бироқ 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида АОКАда жуда кам миқдорда матбуот анжуманлари ўтказилган.
Аниқ рақамларга тўхталсак, жорий йил январь ойида АОКАда жами 53 марта брифинг ўтказилган. Бўлиб ўтган матбуот анжуманлари сони эса атиги 2 та.
2022 йилнинг январида эса 46 та брифинг, 11 маротаба матбуот анжумани ўтказилган эди.
Лекин ҳатто оғир пандемия вақтида, яъни 2021 йилнинг январь ойида ҳам журналистлар саволларига жавоб бериш мақсадида ташкиллаштирилган матбуот анжуманлари нақ 29 маротаба ўтказилган. Бу пайтда қисқа хабарлар ҳақида маълумотлар бериш учун бўлиб ўтган брифинглар сони 41 тага тенг бўлган.
Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида 40 марта брифинг ўтказилган бўлса, 11 маротаба журналистлар саволларига жавоб бериш учун матбуот анжумани уюштирилган.
Бу кўрсаткич 2022 йилда 13 тани, брифинглар сони бўйича эса 42 тани ташкил қилган.
2021 йил февраль ойида 21 та брифинг, ундан кўпроқ, яъни 25 та матбуот анжумани ўтказилган.
Шу йилнинг март ойида ўтказилган пресс-тадбирлар сони ҳам ўтган йиллардагидан анча камроқ. Бутун март ойи давомида Ўзбекистондаги давлат органлари, идора ва ташкилотлар жамоатчиликка ҳисобот ва ахборот бериш мақсадида 28 та брифинг ва атиги 9 та матбуот анжумани ўтказган бўлса, 2022 йилнинг мартида уларнинг сони 41 та брифинг ва 18 та матбуот анжуманига тенг эди.
Юқоридагилар каби 2021 йилда матбуот анжуманлари сони кўпроқ бўлган. 19 та матбуот анжумани ва 34 та брифинг.
Жорий йилнинг апрель ойида эса умуман АОКА биносида матбуот анжумани бўлиб ўтмаган. Агентлик масъул ходими эса буни давлат идоралари ўз биносида бундай пресс-тадбирлар ўтказишни йўлга қўйгани билан изоҳлади. Аммо QALAMPIR.UZ’нинг кузатувлари шуни кўрсатмоқдаки, бу ой давомида фақат Маданият ва туризм вазирлигида III Халқаро бахшичилик фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилган, холос.
Қолаверса, апрель ойида бўлиб ўтган брифинглар сони ҳам камроқ – 25 та.
Ўтган йили бу ой давомида нақ 55 та брифинг ҳамда журналистларга савол бериш имкониятини тақдим этган 17 та матбуот анжуманлари бўлиб ўтган.
2021 йилнинг апрель ойи кўрсаткичлари ҳам ҳавас қилса арзигулик – 74 та брифинг ҳамда 18 та матбуот анжумани!
Бундан кўриниб турибдики, давлат органларининг жамоатчиликка берадиган ҳисоботлари сони кескин камайган. Натижада эса журналист ва блогерларнинг ҳам АОКА биносида давлат амалдорларини сўроққа тутиш, улардан интервью олиш имконияти қисқармоқда.
Бундай шароитда журналист ва блогерларнинг муҳим мавзулар юзасидан интервью олиш мақсадида давлат ташкилотига хат билан мурожаат қилишдан бошқа иложи йўқ. Лекин бу ҳолда ҳам йўлланган хатларга вақтида жавоб бермаслик, оқибатда эса мавзунинг актуаллик даражаси тушиб кетиш ҳолатлари кузатилади.
Аниқ мисоллар билан айтганда, жорий йилнинг 15 март куни QALAMPIR.UZ таҳририяти Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўша вақтдаги шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи ҳисобланган Бахтиёр Раҳмоновдан пойтахт кўчаларидаги муаммолар, таъмирталаб йўлларда вазият ўнгланмаётгани, оқибатда ҳайдовчилар баъзан қоидаларни бузишга мажбур бўлаётгани ҳақида интервью беришини сўраб хат юборган эди. Аммо ҳокимлик интервью беришни сабабсиз рад этиб, орадан 20-30 кун ўтгач, фақат иккита туман номидан жавоб хати йўлланди.
Бу албатта, таҳририятимиз билан боғлиқ бўлган биргина ҳолат. Аслида журналист ва блогерларнинг ахборот олиш истаги рад этилган ҳолатлар оз эмас.
Шундай шароитда ўзбекистонлик журналист ва блогерлар 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунини “байрамим” деб нишонлай оладиларми?
ОАВ микрофонларини кўрса, юзини терс бурадиган, бериладиган саволлардан қўрқиб, матбуот анжуманлари ўтказмайдиган мансабдорлар бу саволга жавоб берармикан?
LiveБарчаси