Амалдорлар “Арқадағ”га “Тошкент” боғи қурилиши тўғрисида ҳисобот берди

Олам

image

Жорий йилнинг 26 апрель куни Туркманистон Президент Гурбангули Бердимуҳамедов видеоконференцалоқа ўтказди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ашхобод мэри Язтаган Гилиджов ва Бош вазирнинг қурилиш-саноат комплекси бўйича ўринбосари Шамухамет Дурдилиев Ашхободнинг 140 йиллиги ва мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлашга тайёргарлик ишлари, шунингдек, ушбу саналарга режалаштирилган иншоотларнинг очилиши тўғрисида ҳисобот берган.

Президент Дурдилевдан пойтахтда “Тошкент” боғи қурилиши тўғрисида алоҳида ҳисоб сўраган. Бош вазир ўринбосари лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилгани, тендерларнинг бир неча босқичлари бўлиб ўтгани ва ҳозирда якуний тендерга тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлаган. Бердимуҳаммедов “паркнинг мақсадини унутмаслик тўғрисида” кўрсатма берган, шунингдек пойтахт маъмуриятига лойиҳанинг буюртмачиси бўлишни топширган.

Маълум бўлишича, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов отаси Мяликгули Бердимуҳамедов вафот этган кун – 18 апрелдан бери давлат телевизион экранларида кўринмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистон Президенти жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб ёзиб, унда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳри марказида Ўзбекистон пойтахти шарафига замонавий “Тошкент” маданият ва истироҳат боғини лойиҳалаштириш ва қуриш учун тендер эълон қилинганини билдирганди. 

Шунингдек, Бердимуҳамедов Ўзбекистон компанияларини ушбу тендерда иштирок этишга таклиф қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

218

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг