Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг қайси фазилатларини “улуғ”, дея эътироф этган эди?
Фойдали
−
25 Апрель 2020
7935Рамазон ойида мўмин киши одобли бўлиш, ахлоқини сайқаллаш, адабининг юксалишига эришади. Рўзанинг талаблари ва қоидаларига риоя қилинса, Рамазон бандани одобли мўминга айлантиради. Чунки мўминликнинг кўрки ҳам бу – одоб.
Таҳририятимизнинг меҳмони, Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан ана шу фазилат ҳақида суҳбатлашдик.
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қолдирган энг катта мерослари бу одобдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ва, албатта, сиз улуғ хулқ соҳибисиз”, дея Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хулқларини эътироф этган. Ваҳоланки, Расули Акрам алайҳиссаломни мақтаса, ҳар жиҳатлари бунга муносиб эди.
Демак, инсонни мақтаса мақтагулик жиҳати унинг одоби бўлади. Масалан, бировнинг кийимига, минган уловига, қурган иморатига қараб уни мақтамаймиз, одобига, хулқига қараб баҳо берамиз.
Агар биз оятга эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг одобларини “улуғ ахлоқ”, дея эътироф этяпти. Чиройли, гўзал хулқ соҳибисиз демади, балки улуғ ахлоқ соҳибисиз деди. Бундан келиб чиқадики, ахлоқли бўлиш бу – улуғликдир. Илм бўлсаю, молу давлат бўлсаю, одоб бўлмаса, бу нарсалар унга ҳурмат келтирмайди”, деди суҳбатдошимиз.
Раҳимберди домла Раҳмоновнинг таъкидлашларича, инсон учун одобли фарзандлар, қўшнилар, дўстлар, ходимлар керак. Бундай инсонлардан кўнгил ёришади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз уммати учун одоб борасида ҳам намуна бўлдилар. Хасан Басрий айтадилар: “Одоби йўқ одамни ҳаттоки, илмининг эътибори йўқ”. Иймон ҳам, илм ҳам, давлат ҳам, мақом ҳам, мартабаю мансаб ҳам, ёшлик ҳам, кексалик ҳам агар одоб билан бўлса, бу фазилатга айланади, инсонга ҳурмат ва иззатни таъминлаб беради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь