Аллергик касалликка чалинганларнинг электрон реестри тузилади
Саломатлик
−
24 Ноябрь 2023
3265Ўзбекистонда аллергик касаллик кўрсаткичлари юқори ҳудудларда оммавий скрининг текширувлари ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 23 ноябрь куни қабул қилинган “Аллергик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-371-сон қарорида маълум қилинди.
Ҳужжатда тиббиётнинг бирламчи бўғинидан бошлаб аллергик касалликларнинг эпидемиологик кўрсаткичлари устидан назорат кучайтирилиши ва манзилли скрининг текширувлари жорий этилиши белгиланган.
Қайд этилишича, 2024 йил 1 январдан аллергик ва иммунологик касалликларга чалинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморларни ингаляцион глюкокортикостероид дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, 2024 йилдан аллергик касалликлар (шу жумладан мавсумий аллергия) кўрсаткичлари юқори ҳудудларда йилига камида бир марта оммавий ва селектив скрининг текширувлари ўтказилиши, шунингдек, ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турлари босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача оширилиши белгиланган.
Шунингдек, 2024 йил 1 январдан Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази этиб қайта ташкил қилинади. Тошкент шаҳри аҳолиси учун аллергик касалликлар бўйича ихтисослаштирилган ва шошилинч тиббий ёрдам Марказ томонидан кўрсатилади.
Қарорга кўра, 2024 йилдан қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий қилинади:
- аллергик касалликлар келтириб чиқарувчи аэроаллергенлар таркиби ва мавсумий тарқалиш кўлами ҳудудлар кесимида ўрганилиб, унинг натижалари Халқаро молекуляр аллергология маркази томонидан Гидрометеорология хизмати агентлигига мунтазам тақдим этиб борилади;
- аэроаллергенлар таркиби ва мавсумий тарқалиш кўлами тўғрисидаги маълумотлар атроф табиий муҳит ифлосланишига оид маълумотлар билан биргаликда тегишли веб-сайт ва бошқа манбалар орқали эълон қилиб борилади.
- 2024 йил 1 апрелгача аллергик касалликка чалинган беморларнинг электрон реестри яратилиб, амалиётга татбиқ этилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь