Алламжоновга тегишли Тошкент имтиҳон маркази нархларни кескин оширди
Жамият
−
22 Март 2022
29623Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент шаҳридаги Ягона имтиҳон маркази жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб назарий ва амалий тест синовларидан ўтиш нархи ошишини эълон қилди.
Қайд этилишча, апрелдан юқори сифат ва хизмат кўрсатиш даражасини сақлаб қолиш учун Тошкент имтихон маркази назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш учун биринчи уриниш нархи 150 000 сўмгача (ҳозир 100 000 сўм) оширилади. Бунга асосий ҳамкор давлатлардаги беқарор иқтисодий вазият Ўзбекистондаги инфляциянинг тезлашишига таъсир кўрсатаётган валюта курсининг ўзгариши сабаб қилиб кўрсатилган.
Иқтисодчи-блогер Шуҳрат Қурбонов имтиҳон учун нархлар оширилганини тушунса бўлишини аммо бунинг валюта курсидаги сакрашлар, ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий вазият билан қандай алоқаси борлигини тушунмаётганини айтган.
“Синовлар импорт қилинадими? Нархлар ошишининг йўллардаги хавфсизлик билан қандай алоқаси бор?”, дея савол қўйган иқтисодчи.
Бошқа бир иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам бу ҳолатга ўз норозилигини билдирган.
“Алламжонов ва унинг командаси Ўзбекистонда 50 фоизлик инфляцияни ёки доллар курсини 50 фоизга ўсганини қаердан олди экан? Майли, балки улар келажакка боқиб, прогноз қилишаётгандир. Лекин имтиҳон тестларининг доллар курсига қандай алоқаси бор?
Кўраяпсизки, миллион марта оғиз кўпиртирилгани билан, мазкур лойиҳа фақат ва фақат пул ўзлаштириш, танлов қолдирмасдан пул ўзлаштиришни назарда тутади ва бу лойиҳанинг ҳаракат хавфсизлигига қанақадир боғлиқлиги бўлса, у энг охирги ўринда туради”, дейди Бакиров.
У “Монополияга қарши кураш қўмитаси Тошкент имтиҳон маркази қиёфасидаги монополистнинг мазкур ҳаракатларини амалдаги қонунчилик нуқтаи назаридан баҳолаши кераклигини” таъкидлаган.
Жорий йилнинг 3 февраль куни иш бошлаган Ягона имтиҳон маркази (Тошкент Имтиҳон Маркази, ТИМ) тадбиркорлик субъекти ҳуқуқи асосида Ўзбекистонда биринчи бўлиб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи компания бўлди. Унинг сайтида компания раҳбари сифатида Дениел Бёрк кўрсатилган.
Очиқ маълумотларга кўра, 2017 йил 6 октябрда рўйхатга олинган Autodriver Study автомактабининг раҳбари сифатида Дениел Бёрк кўрсатилган. Компаниянинг ягона таъсисчи — Дилшод Шуҳратович Жўраев.
Дилшод Жўраев бир вақтнинг ўзида 2017 йил октябрь ва ноябрида рўйхатга олинган Нурафшон Йўл Автомактаби ва Иннодривер Study автомактабларининг ҳам эгаси ҳисобланади. Иннодривер Study юридик манзили Автотест, Автотест 2.0 ва Автотест Обей Рулес савдо белгиларига эгалик қиладиган Автотест Репорт компанияси манзили билан мос тушади — Тошкентнинг Миробод тумани Тарас Шевченко кўчаси 21-уй. Мазкур бинонинг орқа қисмида, Тарас Шевченко кўчаси 23-уйда "Миллий ТВ" телеканали офиси жойлашган.
Автотест мактаблари асосчиси (ҳозирда у ерда таъсисчи сифатида Иродахон Исмаилова кўрсатилган) ва "Миллий ТВ" телеканалининг амалдаги таъсисчиси (66,7 фоизи) — Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь