Алкоголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш коронавирусдан сақлайдими? ССВ муносабат билдирди
Жамият
−
12 Март 2020
18694Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни коронавирус хавфидан огоҳлантириш мақсадида уларнинг уяли алоқа телефонларига SMS-хабарномалар юбормоқда. Уларда санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш кераклиги айтилган.
Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилаётган SMS-хабарномаларнинг навбатдагиси тарқалмоқда. Унда “Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантиради: Коронавирусидан сақланиш учун алкоголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш лозим”, деб ёзилган. Мазкур хабарномалар сохта бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фуқароларнинг телефонларига бундай SMS’лар юборилмаган. Ҳолат юзасидан ССВ расмий баёнот берди. Унда шундай дейилади:
“Дунёда коронавирус инфекцияси (COVID-19) бўйича эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ушбу инфекциянинг кириб келиши ва унинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада аҳолининг санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши ва профилактик чоралар кўриш борасида смс хабарномалар йўллаш тизими йўлга қўйилди.
Уларда асосан, қўлларни тез-тез яхшилаб ювиш, шамоллаган одамлар билан мулоқот қилмаслик, юзни қўл билан ушламаслик, жамоат жойларга боришни камайтириш, йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунни ёпиш каби оддий, аммо муҳим гигиеник қоидалар бериб борилмоқда.
Афсуски, ушбу SMS-хабарларни нотўғри талқин қилиш, мазмунини сунъий равишда ўзгартириб бериш орқали аҳоли орасида ваҳима уйғотаётганлар ҳам учрамоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда вазирлик номидан “коронавирусдан сақланиш учун алкоголь маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш лозим” мазмунидаги хабарлар мутлақо ёлғон ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай SMS-хабар юборилмаган. Мутахассисларнинг якдил хулосасига кўра, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмайди”.
Расмий баёнотда қайд этилишича, ҳозиргача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолидан ортиқча саросимага тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрамоқда.