Алиев ва Пашинян Испанияда музокара ўтказади

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 5 октябрь куни Испаниянинг Гранада шаҳрида бўлиб ўтадиган Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитида учрашади. Бу ҳақда Арманистон Хавфсизлик кенгаши маълум қилди.

“Биз [Алиевнинг ёрдамчиси Ҳикмет] Ҳожиев билан 5 октябрь куни Гранадада бўлиб ўтадиган етакчилар учрашувига тайёргарлик кўряпмиз”, дейилади Хавфсизлик кенгаши баёнотида.

Давлат раҳбарлари вакиллари 26 сентябрь куни Брюсселда учрашиб, музокаралар кун тартибини муҳокама қилади. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Франция Президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ва Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель иштирокида беш томонлама йиғилиш режалаштирилган.

Озарбайжон Қорабоғда аксилтеррор операцияси бошланишидан икки кун аввал, 17 сентябрда Пашинян Гранададаги беш томонлама учрашувда Баку билан тинчлик шартномаси имзоланмаслигини айтган. 

“Агар ҳужжат имзоланиши назарда тутилган бўлса, бу ушбу ҳужжат Арманистоннинг манфаатларига мос келишини билдирарди ва биз уни имзолашга тайёр бўлардик”, деган Бош вазир. 

Пашиняннинг аниқлик киритишича, икки давлат ўртасида 2023 йил охиригача тинчлик ўрнатилиши эҳтимоли мавжуд.

23 сентябрь куни Алиев икки давлат учун тинчлик шартномасини тузиш учун “кўпроқ қулай имкониятлар” борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ҳукумати Қорабоғдаги ижтимоий, гуманитар, иқтисодий ва инфратузилмавий муаммоларни ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ тузган. Шунингдек, у Европа Иттифоқини минтақавий ҳокимият билан реинтеграция бўйича музокаралар ҳақида маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг