Алиев ва Пашинян ҳеч қандай келишувга эриша олмагани айтилди

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 31 август куни Брюсселда икки томонлама кун тартибидаги энг муҳим масалалар юзасидан келишувга эриша олмаган. Бу ҳақда Пашиняннинг ўзи Владивостокда маҳаллий арман жамияти билан учрашувда маълум қилган.  

“Айтишим керакки, Брюсселдаги учрашувда биз учун энг муҳим масалалар бўйича келишувга эриша олмадик. Гап, хусусан, Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш ҳақида кетмоқда. Бошқа томондан, Арманистон ҳам, Озарбайжон ҳам тинчликка эришиш муҳимлиги ҳақида гаплашмоқда”, дейди у. 

Пашиняннинг сўзларига кўра, Озарбайжон Қорабоғ масаласи ҳал бўлган ва музокаралар олиб боришга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди.  

"Бизнинг позициямиз ва халқаро ҳамжамиятнинг позицияси шундан иборатки, бу масала ҳал этилмаган, уни ҳал қилиш керак. Хусусан, шуни таъкидлашни истардимки, апрель ойида Россияга расмий ташрифидан сўнг Россия Президенти [Владимир Путин] ва мен Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш учун ҳамкорлик қилишимиз кераклиги ҳақидаги баёнотни имзоладим”, дея қўшимча қилди у. 

Минтақавий коммуникациялар

Арманистон Бош вазири мамлакат ўз ҳудуди орқали Озарбайжонга йўлак бериш ниятида эмаслигини, бироқ Баку учун йўл очишга тайёрлигини таъкидлади.  

“Масалан, Озарбайжон коридор ҳақида гапираяпти. Мен жуда аниқ айтмоқчиманки, биз Арманистон ҳудуди орқали ҳеч кимга йўлак бермаймиз. Лекин биз йўлни таъминлаймиз ва очамиз ва ҳар дақиқада буни қилишга тайёрмиз. Биз ҳам Озарбайжонга таклифларни етказдик, Озарбайжон бу таклифларни қабул қилса, биз бу келишувни жуда тез амалга ошира оламиз”, дейди у. 

Пашиняннинг фикрича, Баку Арманистон блокадада қолиши учун минтақавий алоқаларни очмоқчи.  

“Йўллар очилганда бу таҳдид, бошқалар аслида коммуникациялардан фойдаланишни бошлайди, лекин биз йўқ. Биз алоқаларни очиш ҳақида гапирганда, Арманистон Россия билан темир йўл алоқасига эга бўлишини назарда тутамиз. Ҳозирда бизнинг алоқамиз Юқори Ларс назорат пункти орқали амалга оширилмоқда”, дейди у. 

Арманистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг сўзларига кўра, коммуникациялар очилиши эҳтимоли катта.  

“Арманистон, Россия ва Озарбайжон Бош вазирлари ўринбосарлари уч томонлама комиссияси етарлича самарали ишламоқда”, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бугун, 31 август куни Бельгия пойтахти Брюсселда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида музокара ўтказди ва навбатдаги учрашувни ноябрь ойида ўтказишга келишиб олди. 

Орадан иккин кун ўтиб, 2 сентябрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ мақоми масаласи аниқланмагунча можаросининг ечими ҳақидаги баёнотлар ўринсизлигини айтиб чиқди

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Никол Пашинян Қорабоғ

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг