Алиев Пашинян билан музокаралар самарали ўтганини айтди

Олам

image

Аввалроқ, жорий йилнинг 14 декабрь куни Бельгиянинг Брюссель шаҳрида Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ташаббуси билан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида уч томонлама учрашув ўтказилгани ҳақида хабар қилгандик. 

Озарбайжон Президенти беш соат давом этган бу музокараларни конструктив дея баҳолади. Бу ҳақда Илҳом Алиев Европа Иттифоқининг Шарқий ҳамкорликнинг VI саммитидаги нутқи чоғида айтиб ўтди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Европа Иттифоқи Кенгаши раҳбарига минтақавий муаммоларга доимий эътибор қаратаётгани, ушбу жараёнларга қўшган ҳиссаси ва уларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, у Шарль Мишель ташаббуси билан ўтказилган ушбу музокараларда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, транспорт инфратузилмасини, хусусан, темир йўл линиясини ётқизиш каби масалалар муҳокама қилинганини ҳамда якун жуда самарали ва пухта бўлганини таъкидлаган.

Озарбайжон раҳбари ЕХҲТ Минск гуруҳи билан 28 йилдан бери олиб борилган музокараларда ҳеч қандай натижага эришилмаганини ва у Озарбайжон Минск гуруҳидан янги геосиёсий воқеликка мос жавоб кутаётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан Озарбайжон томони Минск гуруҳи Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик битимини тайёрлаш, чегараларни делимитация қилиш, одамлар ўртасида алоқаларни ўрнатишга ёрдам бериши мумкинлигига ишонч билдирди.

Шунингдек, Призедент Илҳом Алиев Озарбайжоннинг босқиндан озод қилинган ҳудудларидаги миналар муаммосига тўхталиб, бундан мамлакатнинг тинч аҳолиси азият чекаётганини ва шу кунгача 200 га яқин киши мина портлаши оқибатида ҳалок бўлганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, у Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларнинг миналар муаммосини бартараф этиш учун Озарбайжонга техник ва молиявий ёрдам кўрсатишининг аҳамиятини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, Алиев 2018 йилда Европа Иттифоқи ва Озарбайжон ўртасидаги “Ҳамкорлик устуворликлари” ҳужжатининг аҳамиятига ҳам тўхталиб, улар ўртасидаги ҳамкорлик шартномаси бўйича ишларнинг 90 фоизи якунланганини ҳамда ҳужжатнинг қолган қисми бўйича ишларнинг Озарбайжонда ўтказилишига умид билдирди.

Давлат раҳбари Европа Иттифоқи ва Озарбайжон ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик хусусиятига эга эканини ҳам таъкидлади.

Қорабоғ можароси

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди.  

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради. 

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди. 

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.

Озода Чориева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Пашинян

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг